Конституциявий шикоят институти қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Одатда айрим кишиларда юқори инстанцияларга мурожаат қилганларга нисбатан беписандлик муносабати кузатилади. Нима эмиш, масала барибир аниқ ижрочилар ёки муайян орган томонидан ҳал этилади-ку!

Ваҳоланки, бундай эмас. Башарти, шундай бўлганида янги таҳрирдаги Конституцияга “фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли”, деган норма киритилмаган бўларди.

Таъкидлаш лозимки, шу пайтгача қайд қилинган судга фақатгина қонун ташаббускорлиги ҳуқуқига эга субъектларгина мурожаат қилиши мумкин эди.Шубҳасиз, Бош қомусимизга киритилган янги норма мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Галдаги масала эса мазкур институтни амалда қўллаш, бу борадаги ҳуқуқий механизмини тартибга солишдан иборат.

Бу қандай амалга оширилади?

25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари» мавзуида ташкил этилган халқаро конференция конституцион норманинг мезони ва мақбуллигимни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди, десак тўғри бўлади. Зотан, уни ташкил этишдан мақсад юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, шу жумладан конституциявий ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга тўлиқ ва холис маълумот етказишдан иборат.

Шунингдек, Бош қомусимизда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институтини ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий мамлакатлар конституциявий судларининг амалиёти билан танишиш ҳамда Венеция комиссияси ва унга аъзо мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) президенти Клер Бази-Малори, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори А.Саидов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг ҳамкорлик бўйича бошқарма бошлиғи Вим Риепма кириш сўзи билан очди.

Дарвоқе, тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳамкорлигида ўтказилди.

Бутунлай янгилик эмас

Конференция иштирокчиларига кўра, конституциявий шикоят мамлакатимизда шу пайтгача ҳам амалда бўлган ва турли ракурсларда тадқиқ қилинган. Масалан, ўтган йил 31 май куни Конституциявий суд қонундаги нормани Конституцияга зид деб топган. Жараён қандай кечган?

Фуқаро М.Ҳасанованинг шикояти асосида 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 55-моддаси 12-бандидаги Фуқаролик кодексининг 83-, 166-, 198-, 199- ва 206-моддаларига тегишли қисми ҳамда Фуқаролик кодекси 197-моддасининг мулк ҳуқуқи “... мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади” деган қисми Конституцияга мувофиқ эмас деб топилди.

Тўғри, бу бирор қонунни Бош қомусга зид деб топиш бўйича Ўзбекистон Конституциявий судининг эҳтимолки, бир неча йиллар ичидаги илк қарори бўлди.

Умуман, 1995-2001 йиллар давомида Конституциявий суд фуқаролардан 2000 дан кўпроқ хат ва илтимосномаларни қабул қилган. Мурожаатлар, асосан, ижро ҳокимияти қарорлари ҳамда ҳужжатларининг конституцияга мувофиқлигини белгилаш билан боғлиқ бўлган.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида конституциявий шикоят билан мурожаат этиш тартиб-таомили мавжуд бўлган. Бироқ уни кўриб чиқиш тартиб-таомили жуда мураккаб бўлиб, бу эса процесснинг чўзилиб кетишига олиб келган.

Бу борада 2021 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунда бир қатор концептуал янгиликлар ўз аксини топган.

Конституциявий шикоятнинг бошқа давлат органлари ва умумюридикция судларига берилган шикоятлардан фарқли хусусиятлари шундаки, бундай шикоят ким томонидан берилганидан қатъий назар уни кўриб чиқиш натижасида чиқарилган суд қарори барча фуқароларга, тегишлича давлат органлари ва бошқаларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан, мазкур институт бир вақтнинг ўзида жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

Амалиётда жараён кимда қандай?

Рим ҳуқуқида Actio popularis сифатида шахснинг жамият манфаатлари учун ҳаракатлари тушунилган. Ҳар бир шахс норматив-ҳуқуқий ҳужжат эълон қилингандан сўнг конституциявий шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, бунда асосий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги факти асосий мезон эмас.

Мазкур Конституциявий шикоят Лихтенштейн, Малта, Перу, Чили, Венгрия ва Грузияда қонун устуворлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Хорижий амалиётда норматив конституциявий шикоят тури ҳам қўлланилади. Бу турдаги индивидуал конституциявий шикоятда ҳар бир шахс ўзининг субъектив ҳуқуқлари норматив ҳужжат асосида қабул қилинган индивидуал ҳужжат оқибатида бузилиши устидан шикоят бериши мумкин.Норматив шикоятлар Арманистон, Бельгия, Польша, Қирғизистон, Латвия, Монако ва бошқаларда мавжуд.

Умуман, Германияда сўнгги йилларда ҳар бир сенатга 2 мингдан 2,5 минггача шикоятлар тақдим этилган. Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари қонунчилигида конституциявий шикоят институти жорий этилган.

Озарбайжонда ҳар бир шахс қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунчилик ва ижро ҳокимияти органларининг норматив ҳужжатлари, суд ва муниципалитларнинг ҳужжатларини юқори юридик кучга эга қонун ҳужжатларига мувофиқлилик масаласи юзасидан Конституциявий судга шикоят қилишлари мумкин. Қонунчиликка мувофиқ шикоят предмети барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек суд ҳужжатлари ҳисобланади.

Қирғизистон Республикасида ҳам тўлиқ конституциявий шикоят институти жорий этилган. Ушбу давлатда конституциявий шикоятнинг actio popularis модели жорий этилган бўлиб, ҳар бир шахс агар уларнинг конституция билан эътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлари қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан бузилган, деб ҳисобласа низолашишга ҳақлидир.

Бир сўз билан айтганда, ривожланган демократик давлатларда Конституциявий судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Бизда-чи?

Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасидаги ислоҳотларни Конституциявий суднинг фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ таъкидланганидек, авваллари конституциявий шикоят тушунчаси қонунда фойдаланилмаган. Фақатгина 2020 йилдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармонида конституциявий шикоят атамасидан фойдаланилган.

2021 йил 28 апрелдан кучга кирган кирган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун билан киритилган ўзгартишлар том маънода Конституциявий суднинг ҳам давлат органи сифатида, ҳам суд ҳокимияти органи сифатида «жонланишига» хизмат қилади.

Қонунда “фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилгани юзасидан шикоят” жумласи қўлланилган.

Таъкидланганидек, муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан фуқаролар мурожаат қилганди Конституциявий суд масаланинг икки жиҳатини ўрганишга эътибор қаратади. Биринчидан, фуқаронинг конституциявий ҳуқуқлари қонун билан бузилганлиги ҳолатини аниқлайди.

Иккинчидан, мазкур қонун ёки унинг бир қисмини Конституция принциплари ва нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан текширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди вакилларининг таъкидлашича, қайд этилган институт жорий этилгандан кейин 2,5 мингга яқин шикоят келган.

Фарқли жиҳатларимиз бор

Халқаро конференцияда қайд қилинганидек, фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари бўйича чекловларнинг йўқлиги муайян мезонлар ва тегишли “фильтр тизими”ни ишлаб чиқиш заруриятини келтириб чиқарди.

Айрим давлатларда конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи асоссиз мурожаат йўллаш билан суиистеъмол қилиш фуқарога жарима солишга олиб келади. Масалан, Испания Конституциясининг 119-моддасига мувофиқ бундай ҳолларда Конституциявий суд ҳуқуқбузарга 600 дан 3000 еврогача миқдорда жарима қўллаши мумкин.

Германияда шу каби ҳолатда мурожаатчи шахс 2600 еврогача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Ўзбекистонда эса Конституциявий шикоят йўллашда давлат божи тўланмаслиги билан бир қаторда, бу ҳуқуқни суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик ҳам кўзда тутилмаган.

Таклифлар ва тажрибалар ўрганилди

Икки кун давом этган халқаро конференцияда 14 та маъруза тингланиб, муҳокамалар ўтказилди. Хусусан, Венеция комиссияси президенти ва экспертлари, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Конституциявий суди раислари, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш” ҳудудий дастури эксперти ҳамда миллий экспертларИнсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), адвокатлар вакиллари, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий юридик ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари маърузаларини тинглаб, фикр ва тажриба алмашишди.

Акмал Саидов Марказий Осиё Конституциявий судлари ассоциациясини тузишни таклиф қилди. Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда конституцион шикоят институтини минтақада ривожлантиришга қаратилган бу ташаббус қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, Конституциявий шикоят институтини тўлақонли ҳамда самарали ишлаши учун Ўзбекистонда конституциявий шикоят институтини назарий жиҳатдан тўлиқ тадқиқ этиш зарурлиги билдирилди. Фуқароларнинг бу тартиб борасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституциявий суд томонидан йўриқнома ишлаб чиқиш, Конституциявий судда ишларни ҳажми ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда мурожаатларни ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида “ёзма тартибда иш юритиш” тартиб-таомилини қўллаш доирасини кенгайтириш каби фикрлар билдирилди.

Ё.МАРҚАЕВ.