Конституция - халқимиз хоҳиш-иродасининг олий ифодаси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ғояси, мақсади, руҳи - ҳар бир қоидаси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, асрлар мобайнида шаклланган демократик қадриятлар, миллий давлатчилик, шунингдек, бир неча минг йиллардан буён авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган ўзбекона ва шарқона давлатни идора этиш ҳамда халқ билан бамаслаҳат сиёсат олиб бориш анъаналарини ўзида тўла мужассамлаштирган.
Президентимизнинг “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган - шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам - шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак - одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак - аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган фикрлари халқ билан бамаслаҳат сиёсат олиб бориш анъаналари давом этаётганлигининг амалий исботидир.
Қадимий Шарқ ҳамиша ўзининг азалий анъаналари, бетимсол қадриятлари билан кишилик жамиятига ўз таъсирини ўтказиб келган. Жумладан, туронзамин жаҳоннинг улуғ давлатчилик солномасида ўзининг қатор ҳокимият тузилмалари, довруғли салтанатлари, давлат ишларини юритиш тажрибаси билан муносиб ўрин тутади. Айниқса, давлат бошқарувининг ҳуқуқий асослари барпо этилиб, бу борада муайян тажрибага эришилган. Халқнинг ҳуқуқий онги, маданияти ва маърифатини ўстириш баробарида жамиятда қонунлар устуворлигини таъминлаш, ҳамма учун бирдек тааллуқли, адолатли, ҳаққоний қонунлар ишлаб чиқиш механизмлари яратилган. Шу боис ҳам “ҳар қандай давлатнинг конституцияси унда яшовчи халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”.
Халқимизда “Кенгашли тўй тарқамас” деган ғоят ибратли бир мақол бор. Ижтимоий ҳаётимизнинг қайси бир жиҳатига эътибор қаратмайлик, мана шу ҳикматга амал қилинишини кузатишимиз мумкин. Қайси бир жойда ибратли бир иш бўлса, у кенгашилган тадбирнинг натижаси эканига гувоҳ бўламиз. Бу бежиз эмас, зотан биз улуғвор ўтмишимиздан шундай сабоқ олганмиз. Соҳибқирон Темур ўз тузукларида шундай таълим беради: “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур... Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин... Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.
Бу ҳақда машҳур немис тарихчиси Ф.Шлоссер ҳам шундай маълумот беради: “... саркарда, ҳоким ва қонунчи сифатида буюк талант эгаси эди. Ёлғонни ёмон кўрар, билимга муҳаббат қўйишдан маҳрум эмас эди. Унинг манзилида шоирлар, олимлар, машшоқлар ва мистиклар (сўфилар) кўп бўларди... у одил судья, илм-фан дўсти, бирга суҳбатлашишни хуш кўрадиган, рассомлар ва олимларнинг ҳомийси эди”.
Бу фикр тўғридан-тўғри халқнинг хоҳиш-иродасини қонунларда ифода этиш, баайни унинг томонидан сайланган вакиллар орқали бажарилиши лозимлигини билдиради. Шунинг учун ҳам “Давлатнинг ягона манбаи халқ” деган қоида барча замонларда ўз долзарблигини сақлаб келган. Жан Жак Руссо: “Қонунга итоат этгувчи халқ унинг ижодкори ҳам бўлмоғи лозим” дейди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, суверен Республикамиз Конституцияси - инсон ва фуқаро ҳуқуқларининг демократик хартияси бўлиб, у ҳуқуқий ва инсонпарвар давлатни шакллантиришнинг стратегик дастури вазифасини ўтаб келмоқда. Конституция - давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий замини, халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси сифатида майдонга чиқди. У энг тараққий топган, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибаларига таяниш билан бирга, тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳуқуқий ҳужжат.
Конституция ўзбек давлатчилигини замонавий, маърифий асосда қайта тиклаш, тинч-тотув яшаш ва тинчликни барча чоралар билан мустаҳкамлаш, демократияни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқ қолиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш каби вазифаларга масъул ва кафолат бўлиб ҳисобланади.
Конституция истиқлол маҳсули, шу билан бирга уни ҳимоя қилувчи қалқон, жамиятимизнинг асосий ҳуқуқий пойдевори ҳамдир. Унинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда давлатнинг қиёфаси, жамиятнинг хусусияти яққол ўз ифодасини топади, ҳаётимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тизими демократик тамойилларга асослангани, умуминсоний қадриятларнинг улуғланаётганлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нечоғли кафолатлангани ҳамда ҳимоя қилинаётгани кўриниб туради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Бош қомусимизнинг моҳияти ҳақида тўхталиб, шундай деб таъкидлаган эдилар: “Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси - Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди”.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституция - шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.
Конституциямизнинг 18-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Дунё ҳамжамияти олдида янгиланган қиёфаси, халқаро ҳамжамият билан яқин қўшничилик, стратегик шерикчилик ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган очиқлик ва ошкоралик сиёсати билан танилиб, жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи йилдан йилга юксалиб бораётган Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилган инсонпарвар ислоҳотлар туфайли юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатлари таъминланиб, замонавий демократик тараққиёт учун замин яратилмоқда.
Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.
Биз интилаётган демократик жамиятнинг истиқболи, биринчи навбатда, демократик қадриятлар ҳар биримизнинг қалбимиз ва онгимиздан қай даражада чуқур ўрин олишига, бу қадриятларнинг нечоғли асраб-авайланиши ва келажак авлодларга етказилишига бевосита боғлиқ. Бу борада эса Конституциянинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиш, конституцион талабларга қатъий риоя этиш даркор.
Мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар замирида юртимиздаги турли миллат ва элат ижтимоий тоифа-ю, касбу-корга мансуб бўлган кишиларни маънавий-мафкуравий тажовузлардан асраш, уларни огоҳликка чорлаш, мавжуд хавф ва тахдидларнинг оқибатларини англаб етиш, улар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириш, энг муҳими, миллий истиқлол ғояси асосида халқни бирлаштириш, жипслаштириш, ёш авлод онги ва қалбида эзгу ғояларга садоқат туйғуларини тарбиялашга қаратилган тизимли ва аниқ мақсадли амалий ҳаракатлар мужассамдир.
Бугунги кунда юртдошларимизнинг нафақат билимини ошириш, балки улар қалбида ва амалиётида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш билан боғлиқ демократик тафаккур ва янги ғояларни камол топтириш, уларни юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётини англаш йўлида эзгу ишларга рағбатлантириш, одамлар онгу шуурида хаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
“Конституция ва қонун устуворлиги - фаровон ҳаёт гарови”, “Биз бугун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўйиб, маррани баланд олдик”, “Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар муқаррар тус олди ва ҳеч ким, ҳеч қандай куч бизни ўз танлаган йўлимиздан қайтара олмайди”, “Бу - кўп миллатли, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг хоҳиш-истаги”, “Эл-юртимиз, жаҳон ҳамжамияти бизга катта ишонч билан қарамоқда. Ана шу юксак ишончга ҳар томонлама муносиб бўлиб, қатъият билан олға интилиб, кўзлаган улуғ мақсадларимизга биргаликда албатта етамиз”. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан айтилган бу ҳикматли даъватларнинг маъно-моҳияти бугун халқимизнинг, миллатидан қатъий назар, шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллади, том маънода қалб амрига айланди.
Асосий Қонунимизнинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб белгилаб қўйилган. “Ўзбекистон халқи” тушунчаси мамлакатимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва хамжихатлик учун маънавий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшайди. Бағрикенгилик ва миллатлараро тотувлик ғояси жамиятимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжихатликнинг маънавий асосига айланмоқда. Бу ғоя ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиб, уни ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этмоқда.
Истиқлол йилларида ҳар қандай инсоннинг энг мўътабар орзуси, астойидил интилган асосий мақсади - соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил инсонни вояга етказишдан иборат, деган масъулият психологияси жамиятимизда қайта қарор топди.
Маънавий бой ва ахлоқан етук, интеллектуал ривожланган ва юқори билимли, жисмонан бақувват ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантириш миллий истиқлол сиёсатининг узвий қисми ҳисобланади. Ҳозирги замонда фақат юксак билимли, замонавий, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва амалий касб-ҳунарларга эга бўлган ёшларгина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.
Интеллектуал салоҳиятнинг юксак даражада ривожланиши халқнинг миллий-маънавияти юксалишида ҳам улкан омилдир. Яна бир муҳим томони, у миллий манфаатларни ҳимоя қилишда қудратли қурол вазифасини бажаради. Қолаверса, интеллектуал жиҳатдан ривожланган мамлакатда демократик қадриятлар ва кўникмалар барқарор ривожланади. Чунки интеллектуал бойлик фақат билим, ақлу тафаккур, илм-фан салоҳияти билан бирга, юксак маънавиятни ҳам ўз ичига олади.
Шунинг учун ҳам Юртбошимиз ана шу омилларнинг барчасини назарда тутиб, Ўзбекистонда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш борасида янги ташаббус ва ғояларни мунтазам илгари суриб келмоқда. Бу ташаббуслар амалда ўз тасдиқини топиб, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани баробарида, жаҳон ҳамжамияти эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда.
Конституциямизнинг 42-моддасида: “Хар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дейилган. Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёни изчил ривожланаётгани мисолида ҳам ана шу конституциявий қоиданинг ҳаётимизга нечоғлик чуқур тадбиқ этилаётганини кўриш, кузатиш кишига мароқ бағишлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш - Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон - кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деган эдилар.
Бу тарихий ҳақиқат. Халқимизнинг буюк тарихи бор. Илм-фан, маънавият- маърифат, қурилиш-санъат, қўйингки, барча соҳаларда илғор бўлган буюк бобокалонларимиз дунё тамаддунининг тамал тошини қўйганлар. Тарихга мурожаат қилсак, халқимиз икки Ренессансни бошидан кечирган. Узоқ тарихни ўз ичига олган бу икки уйғониш даврида буюк алломаларимиз, донишманд халқимиз жонажон юртимиз дунё цивилизацияси бешиги эканлигини амалда кўрсатишган.
Бугун юртимиз ҳақида фикр юритилганда “Янги Ўзбекистон”, ”Тараққиётнинг янги босқичига кириб бораётган мамлакат” каби шарафбахш иборалар ишлатиляпти. Бу қўлга киритаётган улкан муваффақиятларимизнинг амалий самараси, десак муболаға бўлмайди. Демак, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил ҳаракатдамиз. Юксалиш эса рақамли иқтисодиётга ўтиш, ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация қилиш, автоматлаштириш, инновацион ғоялар ва технологиялар билан бойитиш, шу билан бирга ўзлигимизни, маънавиятимизни, миллий қадриятларимизни ривожлантиришни тақозо этади.
Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз бугун мамлакатимизда барқ уриб турган бебаҳо неъмат - тинчлик, тотувлик, барқарорликнинг қадрига етиб, Учинчи Ренессанс даври пойдеворига ғишт қўйиш, яъни юртимиз тараққиётига муносиб хисса қўшиш учун астойдил ҳаракат қилмоғи лозим.
Худоёр МАМАТОВ,
Марказий сайлов комиссияси Котибият раҳбари, юридик фанлар доктори, профессор.