Контейнер кўп қаватли уйлар олдига ўрнатилади. Лекин...

Сайтимизнинг телеграм ботига Самарқанд шаҳар, Саид маҳалласидан қуйидаги мазмунда хат келди: “Ассалому алайкум, менга бир масалада ёрдам берсангиз: Чиқинди қутиси қаерларда ўрнатилиши керак? Одамлар яшайдиган уйлардан қанча масофада узоқ бўлиши зарур? Уйимнинг олдида чиқинди контейнери ўрнатилган. Унга ташланган чиқиндиларнинг қўланса ҳидидан нафас ололмаяпмиз".

Ушбу мурожаатга Самарқанд шаҳар “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси қуйидагича жавоб берди:

- Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш тартибини белгилайди ҳамда барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан унга риоя этилиши мажбурий ҳисобланган қоидалар белгиланган.

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва сақлаш мазкур қоидалар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик талабларга мувофиқ ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланишни таъминловчи усулларда ёки уларни бошқа шахсларга топшириш орқали амалга оширилади.

Хусусан, жисмоний шахслар кўп квартирали уйларда қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди тўплаш шохобчаларига жойлаштиришда контейнерларга ташлайди, якка тартибдаги турар жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситаси «сигнал» усулида, жадвал бўйича келгунига қадар ўз ҳудудларида сақлайди ва махсус автотранспорт воситасига жойлаштиради. Бунда махсус чиқинди қоплари (пакетлар) ёки ғилдиракли ва зич ёпиладиган қопқоқли контейнерлардан (40 - 120 л) фойдаланилиши мумкин.

Ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар мажбурий тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун чиқинди қутиларни ўрнатадилар.

Чиқинди ташиш техникаси билан аҳоли яшаш пунктларини айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан истеъмолчиларни хабардор қилиш орқали якка тартибдаги тураржой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш «сигнал» усули эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шахобчаларидан бир кунда бир марта, сигнал усулида уч кунда бир мартани ташкил этади.

Бугунги кунда 2019 йил учун юридик шахслар билан 2252 та, 2018 йилда 208 та маҳаллалардаги 107 113 та абонентларга хизмат кўрсатилмоқда.

Мурожаатда кўрсатилган Саид маҳалласидаги контейнер қаттиқ маиший чиқиндиларнинг фуқаролар томонидан белгиланмаган жойга чиқариб ташлаши ва ҳудудда санитар ҳолат бузилишининг олдини олиш мақсадида маҳалла фаолларининг таклифи асосида фуқаролар билан келишилган ҳолда ўрнатилган.