Кўп қаватли уйларни тартибли сақлаш кимнинг ё қайси идоранинг зиммасида?
Самарқанд туманида жойлашган 75 та кўп қаватли уйда қарийб 6 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. 1991 йилгача қурилган 50 тадан зиёд кўп қаватли уй асосан туман маркази Гулобод шаҳарчасида, шунингдек, Паррандачилик, Хўжа Аҳрори Вали, Қайнама, Мирзо Улуғбек маҳаллаларида жойлашган.
Уларнинг аксариятида ошхона, ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар аллақачон йўқ бўлиб кетган. Аксарият аҳоли уй ичидаги шароитни ўзларига мослаштириб, ҳожатхона, омборхона, ичимлик суви каби қулайликларни ҳовлида қуриб олишган. Иситиш тизимлари йўқлигидан совуқ кунлари "буржуйка" печлари қуриб, жон сақлаганлар ҳам бор.
Икки йил илгари Янгижой маҳалласидаги Газчилар гузарида 4 та кўп қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, айни пайтда яна 2 та кўп квартирали уй-жойларнинг сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бироқ бу уйлар хусусий уй-жой мулкдорлар, ширкатларига аъзо бўлишмаган. Энг қизиғи, янги уйларга рақам берилмаган, ҳатто уй эгалари ҳам қайси квартирада яшаб келаётганини билмайди. Уйларни доимий назоратда сақлаб турадиган «домком»лар ҳам тайинланмаган.
- Ҳудудимизда мустақиллик йилларигача қурилган бир нечта эски уйлар бор, - дейди Янгижой маҳалласи раиси Бахтиёр Йўлдошев. - Яна янги уйлар қурилмоқда. Жорий йилда ҳам ўнга яқин 5, 7, 9 қаватли уйлар қурилади. Лекин ҳали бошқарув сервис компаниялари ташкил этилмаганлиги сабабли уларни бошқариш қурувчилар зиммасида турибди. Жорий йилда айрим уйларнинг томларидан чакка ўтиб, оқова тизимларидаги камчиликлар туфайли ертўлаларга сув кириб кетди.
Яна бир гапни айтмасам бўлмас. Уйларнинг кўпчилигининг эгалари яшамайди. Қишда бу ерга келиб, ёзда яна ҳовлиларга чиқиб истиқомат қилишади. Айримлар ижарага топшириб кетади. Табиийки, ижарачилар ўзлари билгандек яшаб, чиқиндиларни деразадан улоқтиради ёки канализация қувурларига ташлайди.
Массивдаги янги уйларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳамда канализация билан боғлиқ қатор муаммолар бор экан. Бунга асосий сабаб уларни ўз вақтида бартараф этадиган бирорта бошқарув сервис компаниялари ташкил этилмаганлигидир.
- Янги уйга кўчиб чиққанимизга кўп бўлмади, лекин камчиликлар кўп экан, - дейди шу уйда яшовчи Д.Асадов. – Электр ва табиий газдаги муаммоларни айтмайин, уларга ўрганиб қолганмиз. Бироқ оқова сув тизимидаги камчиликларни айтмасам бўлмас. Яқинда ертўлаларга сув тошиб, захи уйларимизгача кўтарилди. Маълум бўлишича, пудратчи корхона сантехниклари канализация қувурларини нотўғри ўрнатган экан. Бир неча бор туман ҳокимлигига, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимига мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Ниҳоят мардикор ёллаб, камчиликларни бартараф этдик. Бирорта ширкатми ё бошқарув сервис хизмати компаниясими ташкил этилса, бажонидил аъзо бўлардик.
Болалар майдончасида яқин орада болалар ўйнаганга ўхшамайди. Чунки айрим ўйин жиҳозлари ва ўриндиқлар синган.
- Ширкат ва уйбоши йўқлиги сабабли майдонча қаровсиз қолган, - дейди рақамсиз уйлардан бирида яшовчи Тоҳир Муродов. – Набираларимиз боғча ва мактабдан қайтиб келгач, қаерда вақт ўтказишини билмайди. Спорт майдончаси ва жиҳозлари йўқ. Ўйин қурилмалари йўқлиги сабаб болалар бошқа ҳудудларга кетиб қолишади. Бир неча бор синган қурилмаларни ўзимиз пайвандлаб, тикладик, лекин кўп ўтмай яна ишдан чиқади.
Янги уйлар атрофида савдо дўкони, ошхона, сартарошхона, телефон созловчи устахона, новвойхона каби кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган қулайликлар йўқ. Бирор нима зарур бўлса, қўшни гузарга ёки туман марказига бориб, ишни битиришга мажбур бўлишар экан.
Энг қизиғи, янги уйларнинг тепасидан тушган новлари нотўғри ўрнатилганлиги туфайли ёмғир сувлари бетон ариқчаларга тушмайди.
- Ёмғирлар мавсумида йўлаклар олди кўллаб, ўтиб бўлмай қолади, - дейди шу ерда яшовчилардан бири. – Сув тошиб ичкарига кириб кетган пайтлари ҳам бўлди. Канализация қудуғи ҳам нотўғри ўрнатилган.
- Икки йил давомида уйларда қанақа муаммо пайдо бўлган бўлса, барчасини бартараф этиб келяпмиз, - дейди «Бунёдкор» МЧЖ иш бошқарувчиси Алишер Исломов. - Ҳозир шу ҳудудда яна иккита кўп қаватли уй қуряпмиз. Айни пайтда сувоқ ишларини бажаряпмиз. Янги уйлардаги камчиликлардан хабарим йўқ эди. Тез кунларда барча муаммоларни ижобий ҳал қилиб, ободонлаштириш ишларини ҳам амалга оширамиз.
Тумандаги Паррандачилик маҳалласида жойлашган 21 та кўп қаватли уйнинг 7 таси сўнгги уч йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. Ўтган йили қурилган 3 та 5 қаватли уйда 60 оила истиқомат қилмоқда. Бироқ мазкур уйларда яшовчилар ҳам бирорта мулкдорлар ширкатига аъзо бўлган эмас. Шу сабабли пайдо бўлган муаммоларни уйларда яшовчиларнинг ўзлар ҳал қилишмоқда.
- Яқинда вилоят ҳокими келиб, аҳолининг яшаш шароитларини ўрганиб, ободонлаштириш борасида катта ёрдам берди, - дейди Парандачилик маҳалласи раиси Манзура Маҳмудова. – 100 кишилик тўй-маросимлар ўтказиш учун усти ёпиқ майдон қуриш бўйича берган топшириғи бажарилмоқда. Ҳафтанинг пайшанба куни «Мароқанд Обод» МЧЖ машиналари келиб, чиқиндиларни ташиб кетиши йўлга қўйилди. Шунингдек, барча уйлар марказий канализация тармоғига улангач, бу борадаги муаммолар барҳам топди.
Ўтган йили янги қурилган уйларнинг ертўла қисмидан бир нечта кам таъминланган оилаларга, ногирон ва бева аёлларга мослаштириб ҳам яшаш хоналари ажратилиб берилгач, бу борадаги муаммолар ҳам ижобий ечим топди.
Бугун ҳудудларда қурилаётган кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг яшаш тарзини яхшилаш, ҳар бир уйни тартибли, обод масканга айлантириш уларнинг ўз қўлларида. Бунинг учун туман ҳокимликлари ва масъул ташкилотларнинг бирозгина эътибори бўлса бас.
Дилмурод Тўхтаев.