Коронавирус КХДРга ҳам етиб келди

Марказий телеграф агентлиги (КМТА) ахборотига кўра, эҳтимолий бемор КХДР чегарасини «ноқонуний кесиб ўтган». У уч йил олдин мамлакатдан чиқиб кетган қочоқ бўлиб, 19 июль куни Жанубий Кореядан чегарадаги Кэсон шаҳрига келган. Ундан олинган тест ноаниқ натижа берган. Айни вақтда бемор қатъий карантинга жойлаштирилган, у билан алоқада бўлганлар аниқланмоқда.

Кэсонда карантин режими жорий этилган, ҳукумат шаҳардаги туманларни бир-биридан алоҳидалаган.

Ҳодиса муносабати билан КХДРда ҳукмрон Меҳнат партияси Сиёсий бюросининг фавқулодда йиғилиши чақирилган. Унда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этган.

Ҳозиргача мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Хабарларда Пхеньян халқаро ҳамжамиятга инфекцияни аниқлаш тестлари ўтказишда ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилганди. 

Шу вақтгача КХДРдан ташқари, Осиёдаги яна бир давлат - Туркманистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари расман тасдиқланмаган. Шунингдек, Африкадаги бир неча мамлакат, океандаги Кирибати, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, Палау, Самоа, Соломон ороллари, Тонга, Тувалу, Вануату каби кичик давлатлар коронавирусдан холи ҳудуд сифатида қолмоқда.