Коронавирусдан соғайганлар ҳам вакцина қабул қилиши мумкинми?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати “COVID-19” га қарши эмлаш тадбирлари қачон бошланади?", "Кимлар биринчи галда эмланади?", "Улар қаерда эмланади?" каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир ҚУРБОНОВдан жавоб олди.
— Коронавирус инфекциясидан касалланиб, соғайганлар ҳам вакцина қабул қилиши керакми?
— Ҳа, вируснинг ўзгарувчан эканлиги, доимий равишда мутацияга учраши, “COVID-19” билан боғлиқ хавфларнинг юқорилиги ва коронавирус билан қайта касалланиш эҳтимолининг борлиги сабабли ушбу касаллик билан аввал касалланган бўлишидан қатъи назар, эмланиш тавсия этилади.
— Ўзбекистонда “COVID-19” га қарши кимлар биринчи галда эмланади?
— Дастлаб ЖССТнинг тавсиясига кўра ва дунёдаги бошқа давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 15 февралдаги тегишли буйруғига асосан, аҳоли касалликни юқтириб олиш хавфига қараб тоифаларга бўлинган. Демак, олиб келинган вакциналар билан эмлаш ҳам шу кетма-кетликда амалга оширилади.
Унга мувофиқ:
🔴 Юқиш хавфи жуда юқори бўлганлар: 65 ёшдан катта бўлганлар (65-74, 75-84, 85 ёш ва ундан юқори), тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турувчилар;
🔴 Юқори хавф остида бўлганлар: Қуролли кучлар ва ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ходимлари, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари, транспорт ходимлари (метро, темир йўл, аэропорт), мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда хизмат қилаётган ходимлар, чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, Меҳнат мигрантлари кетма-кетликда эмланиши режалаштирилмоқда. Шундан кейингина аста-секин аҳолининг бошқа қатламлари ҳам қамраб олинади.
— Фуқаролар қаерда эмланади?
Коронавирусга қарши эмлаш ишлари кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларида ва мобил гуруҳлар томонидан амалга оширилади. Ҳудудий амбулатория-поликлиника хизмати томонидан фуқароларга эмланадиган куни, вақти ва жойи ҳақида, албатта, хабар берилади.
Эмлаш ишларини эса махсус тайёргарликдан ўтган, алоҳида сертификатларга эга бўлган вакцинаторлар амалга оширади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.