Коронавирусга қарши дорини 170 миллион сўмга ноқонуний равишда сотаётган шахс ушланди

Тошкент вилоятида коронавирусга қарши «Remdesivir for Injection» дори воситасини дорихонадан ташқарида ноқонуний равишда 170 миллион сўмга сотаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро Ж.A. томонидан пандемия шароитида мўмай даромад орттириш мақсадида коронавирус инфекциясини даволаш учун фойдаланиладиган «Remdesivir for Injection» номли дори воситасини дорихона ва унинг филиалидан ташқарида сотаётганлиги аниқланган. Маълум қилинишича, Ж.A. мазкур дорининг ҳар бир қутисини 850 минг сўмдан ҳисоблаб, 200 қутисини 170 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширувда, Ж.A. «Remdesivir for Injection» дориларини қайта сотиш мақсадида фуқаро М.К.дан харид қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.A. ва М.К. га нисбатан Жиноят кодексининг 186(3)-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.