Коронавирусга қарши эмланганларга 750 минг сўмдан пул маблағи берилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз
Ижтимоий тармоқларда юртимизда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
"Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва расмий манбалар орқали тасдиқланмаган бу каби уйдирма хабарларни тарқатувчилар эндиликда интернетда Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан махсус саҳифа очиб, одамларни ўз тузоғига илинтиришга интилмоқда.
Хусусан, вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланиб, унинг асосий фонида вакцина олганларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилиши айтилган. Бунинг учун шахсий маълумотларни киритиш сўралган.
Юқоридаги ахборот фирибгарлик мақсадида тарқатилган бўлиб, у ҳеч қандай расмий асосга эга эмас".
Шу боис вазирлик аҳолидан бу каби фейк хабарларга ишонмасликни сўраб қолган.