Коронавирусга қарши курашга Самарқандда 15 мингдан ортиқ тиббиёт ходими жалб этилган

Рустам Қобилов, вилоят ҳокимининг ўринбосари:

- Юртимизда коронавирус пандемияси бошланган 15 мартдан 21 июлгача вилоятимизда 31 300 нафар фуқаро кузатувга олинди ва уларнинг 27 мингдан ортиғи карантин даврини ўтаб уйларига кузатилди.

Ҳозирда вилоятда 3262 нафар фуқаро карантинга олинган ва уларнинг 2892 нафари ўз уйида карантин муддатини ўтамоқда, шунинг 1500 нафарини аёллар ташкил этмоқда.

Коронавирус пандемияси билан курашга вилоятдан 14 минг 42 нафар тиббиёт ходими жалб этилган бўлса, афсуски, вирусни аниқлаш учун суртма олиш жараёнида уларнинг 67 нафари касаллик юқтириб олиш ҳолати кузатилди. Жойлардаги тиббиёт поликлиникаларидаги ходимлар томонидан кунига 9500 тагача хонадон ўрганилмоқда.

Ҳозиргача вирусга чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида даволанган бўлса, бугундан вилоят кардиология диспансери, Самарқанд тиббиёт институтининг иккинчи клиникаси ҳам беморларни қабул қилиш учун тайёр ҳолга келтирилди. Тез кунларда Самарқанд шаҳридаги 1-туруқхона ҳам беморларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилиб, жами даволаниш ўринлари сони 10 минг 500 тага етказилади. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ҳозирда вилоятимизда вирусга чалинган беморларга қўллаш учун 34 та ўпкани шамоллатиш аппарати (ИВЛ) мавжуд ва унинг 28 тасидан фойдаланиляпти. Шунингдек, Корея давлатидан 2 та замонавий рақамли рентген аппарати келтирилган ва яна 4 та шундай рентген аппарати келтириш борасида келишувга эришилган.

Дори-дармонларга тўхталадиган бўлсак, ҳозир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг омборларида 11 миллиард сўмлик энг керакли дорилар захираси яратилган ва жорий йилнинг 1 августигача яна қўшимча 20 миллиард сўмлик зарурий дори воситалари келтириш режалаштирилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 4 та хусусий клиникада ҳам беморларни даволаш ва уйларига бориб тест ўтказиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Карантин даврида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 19 минг 747 камбағал оилага “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказилмоқда.