Коронавирусни маҳсулот ёки унинг қадоқлари орқали юқтириб олиш эҳтимоли қай даражада?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавирус инфекциясини маҳсулот қадоқлари орқали юқтириб олиш эҳтимоли кам бўлса-да, бироқ у йўқ эмас.

Касалликни супермаркетда юқтириб олиш эҳтимоли жуда паст даражада. Аммо уни асоссиз деб бўлмайди. Саросимага тушишга асос йўқ, фақатгина дўкондан харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини дезинфекция қилиш лозим.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар қадоқдан касаллик юқиши ҳолати аниқланмаган. Бонна университетининг вирусология институти директори Хендрик Штреекнинг фикрига кўра, бундай ҳолатнинг қайд этилиши деярли мумкин эмас.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, касаллик юқиши асосан ҳаво томчилари орқали содир бўлади. Бироқ шунга қарамасдан эҳтиёт чораларини кўриш зарур.

Ўтказилган тадқиқотларга юзланадиган бўлсак, коронавирус инфекцияси пластик қадоқда 72 соатгача яшай олади, қоғозли қадоқда эса 24 соатгача. Шу билан бирга, ҳатто музлатилган маҳсулот харид қилинганда ҳам касаллик хавфи мавжуд эканлигини ёдда сақлаш керак. Сабаби, вирус музлатилган ҳолатда бутунлай нобуд бўлмайди.

Олимларнинг фикрича, дўкондаги маҳсулотлардан фақатгина иммунитети паст одамлар инфекция юқтириб олишлари мумкин. Шу сабабли маҳсулот қадоғини ушлагандан сўнг тананинг юз қисмига тегинмаслик тавсия этилади.

Харид қилинган маҳсулотларни қадоқдан чиқариб дезинфекция қилиш мақсадга мувоффиқ бўлади. Музлатилган маҳсулотларни музлатгич музхонасига эриб кетмасидан олдин солиш зарур. Мева ва сабзавотларга келадиган бўлсак, уларни ҳам яхшилаб ювиш ва пустлоғини арчиб истеъмол қилиш тавсия этилади.