Кўза ҳар куни синмайди
Халқимиз орасида “Кўза кунида синади”, деган ибратли сўз бор. Келинг, бу ҳикматли сўзни тўғри талқин қилган ҳолда таҳлил қилайлик.
Дарҳақиқат, эътиборсизлик қилиб, қишнинг совуқ кунларида сувли кўзани далада қолдирсак сувнинг музлаши туфайли кўза синади. Совукда қолган сувли қумғон ёки пақир ҳам ёрилиб қолганини кўрганмиз. Ёки совуткичда туриб қолган газли сув тўлдирилган шишаларнинг синганини бекалар кўп кузатади. Бу идишлар синишига сабаб нима?
Ватандошимиз, улуғ табиб Абу Али Ибн Сино ал-Берунийнинг саволига жавоб бериб ёзади: “Ҳеч ерда бўшлиқ-вакуум бўлиши мумкин эмас, фазонинг ҳар бир бўлаги моддий жисмлар билан тўлдирилган’’. Қишда сув билан ташқарида қолган кўзадаги сув музлаши натижасида торайиб (яъни, ҳажми кичиклашиб), муз билан кўза девори орасида бўшлиқ (вакуум) ҳосил бўлиш имкони туғилади, бу мумкин эмас. Шунинг учун кўза идиши девори бу бўшлиқни тўлдиришга уринади, натижада кўза синади.
Ибн Синонинг илмий қарашларида Ўрта аср сабоқларига хос соддалик бор. Чунки ал-химикларнинг тажрибаларига асосланиб, бир қарашда содда кўринган, аммо аслида жуда мураккаб бўлган сувнинг хоссаларини тушунтириб бўлмас эди. Бу саволга жавоб топишга уринишлар Ибн Синодан кейин яна қарийб минг йил давом этди. 1946 йилда украиналик олим О.Самойлов яратган сув тузилишининг икки структурали модели асосида сувнинг кўплаб ғайритабиий хоссалари тушунтириладиган бўлди.
Музнинг сув устида сузиб юришини Ибн Сино қуйидагича тушунтиради: сув музлаганда унинг орасида ҳаво зарралари қолади, бу эса музнинг сув тагига чўкишига йўл қўймайди. Бу жавобда озми-кўпми ҳақиқат бор, сувда эриган ҳаво сув билан биргаликда музлайди.
Ҳозирги замон илми музнинг сув устида сузиб юришини ҳам, ичидаги сув музлаганда кўзанинг синишини ҳам осонгина тушунтиради. Сув совутила бошланса +4 илиқ ҳароратгача бошқа ҳамма моддалар каби сув ҳам зичлашиб, ҳажми кичиклашиб боради, ҳарорат яна пасая бошланса бошқа ҳамма моддалардан фарқли равишда сувнинг зичлиги камайиб, ҳажми ошади. Ҳарорат 0 даражадан пастга тушганда сув бутунлай музлаб, зичлиги максимал камаяди, ҳажми максимал ортади. Натижада сувдан кўра енгиллашиб қолган муз сув устида сузиб юради, ҳажми катта бўлиб кетган муз кўзага сиғмай қолади ва кўза синади. Сув ва музнинг мана шу биргина ғайритабиий хоссаси (бошқа хоссаларини ҳам ҳисобга олиш керак) ерда ҳаётни таъминлаб турибди, десак муболаға бўлмайди.
Бир тасаввур қилиб кўрайлик. Ичидаги сув музлаб битта-иккита кўза синса ҳеч гапмас, бозордан янгисини келтириб ишлатаверамиз. Аммо муз сувдан оғирлик қилиб, дарё ва кўлларнинг тагига чўкиб, денгиз ва океанларнинг қаърига кўмилиб кетаверганда нима бўлар эди? Ҳамма сув ҳавзалари музга тўлиб кетмасмиди? Денгиз ва океанларда яшаётган балиқ ва бошқа жониворлар билан озиқланиб юрган инсон бепоён муз саҳросида қутб оқ айиғи каби озуқа излаб сарсон-саргардон бўлмасмиди? Балким инсоннинг ўзи ҳам бўлмас эди.
Минг шукурлар бўлсинки, Аллоҳ ҳали бизни яратмай, яшашимиз учун табиатдаги барча моддалардан фарқ қиладиган сувни яратиб қўйган. Табиатда яшаб турган барча жониворлар, жумладан, инсоннинг ўзи ҳам сувнинг ҳосиласидир.
Шунинг учун инсон борлигининг, соғлигининг, фаолиятининг, ҳаётининг асоси сувдир. Сув ҳаёт манбаигина эмас, ерда ҳаёт пайдо бўлишининг асоси, ҳаётнинг ўзи. Франциялик ёзувчи Антуан Де Сент Экзюперини сувнинг насрий мадҳиясини яратган дейиш мумкин:
“Сув-ув-в! Сув-ув-в, сенинг на таъминг, на рангинг, на ҳидинг бор, сени таърифлаб бўлмайди – сенинг нималигингни билмасдан туриб сендан ҳузур топадилар. Оддийгина қилиб сен ҳаёт учун зарурсан деб бўлмайди, сен ўзинг ҳаётсан. Сен дунёдаги энг улкан бойликсан”.
Ҳар биримиз бу улкан бойликдан баҳраманд бўлайлик, ҳузур топайлик. Уни тоза сақлайлик, асраб-авайлайлик.
Бобоқул Жўраев,
физика-математика фанлари номзоди, доцент.