Кредит маблағларини талон-торож қилган шахсларга нисбатан жиноят иши очилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан АТ “Алоқабанк” Самарқанд ҳудудий филиали мурожаатига асосан мазкур молиявий муассасада терговга қадар текширув тадбири ўтказилган.
Унда ушбу банк филиалининг Иштихон комплекс хизматлар кўрсатиш маркази собиқ раҳбари А.С. “M.A.” ва “H.T.” хусусий корхоналари масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, “M.A.” хусусий корхонасига 2 та “ISUZI” русумли юк автотранспорт воситасини сотиб олиш учун ажратилган 900 миллион сўм кредитни нақдлаштириб олганлиги аниқланган.
Шунингдек, улар 9 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз уларнинг номига 262,2 миллион сўм микроқарз ажратиб, ўзлаштирганлиги ҳамда “A.Ф.” хусусий корхонасига ажратилган кредитнинг 150 миллион сўмини “С.И.” МЧЖ орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.