Кузги дарахт кўчатлари экишга киришилди, хайрли ишдан четда қолманг!
Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги тадбирларнинг 2022 йил куз ва 2023 йил баҳорги кўчат экиш ишлари бошланди.
Вилоятимизда бу мавсумда 16388 минг туп, вилоят иқлим шароитларига мос бўлган манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш йўл харитаси белгилаб олинди ва шунга етарли миқдорда кўчатлар захираси шакллантирилди. Бу ишларни амалга ошириш учун 27 турдаги турли хил манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари танлаб олинди.
Эътиборлиси, бу йил “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасидаги тадбирларни илмий асосланган ҳолда ташкил этиш мақсадида республика миқёсида экспертлар гуруҳи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибида эса ўрмончи, эколог, дендролог, тупроқшунос, энтомолог, фитопатолог каби олим-мутахассислардан ташкил топган гуруҳ шакллантирилди. Бу гуруҳларга мамлакатимиздаги 10 дан зиёд илмий ва олий таълим муассаларида фаолият юритаётган 80 га яқин олим ва мутахассислар ҳам жалб қилинди.
Республикамизнинг ҳар бир тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда тавсия этиладиган дарахт-бута турлари, мевали экинлар тур ва навларини таърифи, агротехникаси, касаллик-зараркунандаларига қарши курашни ўз ичига олган илмий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илмий тавсиялар Давлат экология қўмитаси қошида ташкил этилган олимлар гуруҳидан таҳрирдан ўтказилгандан сўнг ҳар бир вилоятга электрон ва чоп этилган ҳолда етказилади. Шу билан бирга, ҳудудлар кесимида мавсумий ишлайдиган соҳа олимларидан иборат “Амалий ёрдам бериш ва мониторинг қилиш гуруҳи” фаолияти йўлга қўйилади.
Жумладан, вилоятимизда олим ва мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи ҳам шакллантирилди ва тасдиқланди. Мазкур эксперт гуруҳлари томонидан жойларда кўргазмали семинарлар ташкил этилади.
Шу ўринда бир гап. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга, балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрасатади. Атмосферани тоза сақлаш эса бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Атмосферани тозалайдиган, бизга қайта ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий имкониятлардан бири, кислород ишлаб чиқарувчи энг қулай ва зарарсиз восита эса, шубҳасиз, ўсимлик ва дарахтлардир. Демак, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш, боғ-роғлар яратиш олдимизда турган зарур ишлардан бири. Бу хайрли ишдан четда қолмайлик!
Бахтиёр Абдуллаев,
Ўзбекистон экологик партияси вилоят ташкилоти раҳбари, вилоят Кенгаши депутати.