Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лондондаги ёшлар конференцияси ҳаётимни ўзгартирди

Яқинда жаҳоннинг 60 дан ортиқ мамлакатларидан келган 1200 дан зиёд ёшларни бирлаштирган Лондон халқаро Бирлашган Миллатлар Модели (London International Model United Nations (LIMUN) конференциясида иштирок этдим.

Рости, бундай нуфузли конференцияда қатнашаман, деб сира ўйламагандим. Дастлаб конференция ҳақида тасодифан эшитиб қолдим ва интернетдан қидириб, қатнашиш истагимни ёзиб юбордим. Менга конференция бошланишидан икки ҳафта олдин хат келди, унда Афғонистон давлати ҳақида сўзга чиқишим айтилганди. Мен Афғонистоннинг маданияти, таълими, табиати, географик жойлашувини ўргандим. Конференция шартига кўра, кимга қайси давлат тушган бўлса ўша давлат ҳақида тўлиқ маълумот бериши керак эди. Халқаро конференция мен учун глобал воқеалар ҳақидаги билим ва тажрибаларимни кенгайтирди. Бундан ташқари, янги дўстлар орттирдим, турли давлатлар сиёсати, ўзига хос ғоялар ва маданиятлар билан танишдим. Шунингдек, тарихий ва замонавийлик уйғунлашган Лондон бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлдик.

Университетда дарсларимиз тўлиқ инглиз тилида хорижлик мутахассислар томонидан олиб борилиши менга жуда қўл келди. Сабаби, тадбир тўлиқ инглиз тилида бўлиб ўтди. Ушбу халқаро ёшлар конференцияси Буюк Британиянинг LIMUN фонди хайрия ташкилоти томонидан ташкил этилди. Хайрия ташкилотининг мақсади ёшлар ўртасида маданий ва ижтимоий ҳаракатларда бир-бири билан ҳамкорлик қилиш кўникмаларини шакллантириш, халқаро муносабатларни англаш ҳамда уларда етакчилик, музокаралар олиб бориш маҳоратини ривожлантириш ва дипломатия соҳасидаги малакаларини ошириш, шунингдек, уларни БМТ фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат.

“Дипломатияда инсонпарварлик: глобал бошқарувни ривожлантириш” мавзусида ташкил этилган конференцияда турли давлатлардан келган талабалар дунёнинг айрим глобал муаммоларини муҳокама қилди ва ечимларни таклиф этди.

Халқаро конференциядан кўтаринки руҳда қайтдим. Энди аввалгидан ҳам яхши ўқишга, ўз касбимнинг етук мутахассиси бўлишга аҳд қилдим. Университетда тадбиркорлик ва менежмент йўналишида ўқийман. Келажакда менежментлик соҳасида билимларимни янада мустаҳкамлаш ниятида хорижий тажрибаларни ўрганиб, ўз юртимда янги лойиҳалар устида ишламоқчиман. Ривожланган давлатлардан кўра, бизда лойиҳалар киритиш ва уни ривожлантиришга имконият кенг. Фақат бундан фойдаланиш учун билим ва тажриба керак. Ўқитувчиларимиз бу борада бизга назарий билимларимизни амалиёт билан боғлаган ҳолда қизиқарли тарзда етказиб беряпти. Университетда хорижий методлар асосида таълим олаётганимдан жуда хурсандман. Мақсадим – ўз касбимнинг етук мутахассиси бўлиб, Ватаним тараққиётига ҳисса қўшиш. 

Фаридун Раҳматиллаев, Самарқанд халқаро технология университети талабаси.