Магистрал сув тармоғидаги авария юзасидан муносабат билдирилди
- 28.05.2024 11:56
- 151
- Самарқанд
Аввалроқ Самарқанд шаҳрини сув билан таъминлаётган асосий магистрал сув қувурларидан бири тешилгани туфайли айрим кўчаларни сув босгани, йигирмадан ортиқ кўча ва уларда жойлашган маҳаллаларда ичимлик сув таъминоти вақтинча тўхтаб қолгани ҳақида хабар тарқалганди.
"Самарқанд сув таъминоти" АЖ Ахборот хизмати хабарига кўра, Чўпон ота сув иншоотидан келаётган диаметри 1000 мм лик катта босимдаги марказий сув қувурида фавқулодда носозлик юзага келган. Ҳозирги вақтда аварияни бартараф этиш учун техника, ходимлар жалб қилиниб, икки сменада тармоқни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу магистраль сув қувури ўтган асрнинг 80 йилларида қурилган бўлиб, бугунги кунда шаҳар аҳолисининг катта қисмига сув етказиб беради.
Шаҳарнинг тармоқдан узилган ҳудудларида график асосида махсус техникалар орқали аҳолига ичимлик суви етказиб берилаётгани маълум қилинди.