Магистратурага бошқа турдош мутахассисликка топширса, фақат контрактда ўқийдими?

Магистратура бўйича қабул жараёнлари тугашига саноқли кунлар қолди. Хабарингиз бор, жорий йилда бакалаврни турдош бўлмаган йўналишда тугатганлар ҳам магистратурага ҳужжат топшира оладиган бўлишди. Мана бу ерда бунинг тартибини батафсил тушунтирганман, деб ёзмоқда Xushnudbek.

Ушбу тартиб янгилик бўлганлиги сабабли табиийки амалиётда кўплаб тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Масалан, айрим қабул комиссиялари бошқа турдош йўналишни тугатган абитуриентларга уларни фақат контракт бўйича қабул қилишларини, улар давлат грантига даъвогарлик қила олмасликларини таъкидлашаётган экан.

Аммо бу каби гаплар мутлақо нотўғри. Қоидага кўра, магистратура мутахассислигига мос бўлмаган бошқа бакалавриат таълим йўналишлари битирувчилари фақатгина давлат грантлари асосида белгиланган мақсадли қабул квоталарига танловда қатнаша олмайди.

Хўш, қайси мутахассисликларда мақсадли қабул бор?

Давлат қабул комиссиясининг 4 июлдаги 1-сонли баёнига биноан, атиги 10 та ОТМда магистратура учун мақсадли қабулга квота берилган. Республика бўйича жами 65 та ўрин берилган холос. Мана шу 65 та ўринга “бегоналар” даъвогарлик қила олмайди. Қолган ўринларга агар улар имтиҳонлардан юқори балл тўплай олса, бемалол давлат грантида ўқиши мумкин.

Юқорида ана ўша 65 та мақсадли қабул квотаси рўйхати илова қилинди.

Ҳурматли қабул комиссиясидагилар, илтимос, асоссиз гапларни айтиб, абитуриентлар орасида тушунмовчиликларни келтириб чиқарманглар, дейилади хабарда.