Маҳалла оқсоқоли энди уч йилга сайланади

Самарқанд вилоят адлия бошқармасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман ва шаҳарлар кенгашлари ходимлари учун “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини самарали ташкил этиш ва ўтказиш йўллари” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Х.Абдураҳмонова, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ф.Раҳматов 2018 йил 15 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар, ишчи гуруҳларнинг вазифалари хусусида гапирди.

Таъкидланганидек, шу пайтгача фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 2,5 йил қилиб белгиланган эди. Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун асосида фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати уч йил этиб белгиланди. Шунингдек, навбатдаги фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайлови жорий йилнинг май ойида ўтказилади.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини қарори билан ишчи гуруҳ тузилади. Раис (оқсоқол) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Семинарда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудий кенгашлари раҳбар ва ходимларининг сайлов принциплари, номзодлар рўйхатини тайёрлаш, ишчи гуруҳларни шакллантириш борасида кенг тушунча берилди.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.