Маҳалла - уч томонга тортқиланаётган арава
Рус ёзувчиси Крыловнинг бу масалини эслатиб ўтиришнинг ҳожати йўқ: унинг ўзини кўпчилик эсламаса-да, аммо жуда кўп мақолаларда унинг мазмуни кўтарилган мавзуга қиёсланади. Яқинда бир гуруҳ маҳалла фаоллари, раислари билан суҳбатлашгач, мен ҳам беихтиёр шу масални ёдга олдим. Бир гуруҳ деганда ўн чоғли одамни тушунмаслигингизни сўрайман. Камида юзга яқин маҳалла раислари маҳалла институти ривожига уларнинг наздида тўсиқ бўлаётган муаммоларни баён қилишди.
Маҳалланинг, маҳалла раисларининг статусини кў¬тариш учун узоқ йиллар давомида кўп ишлар амалга оширилди. Натижада маҳаллада иш тизими аниқ механизм асосида ташкил этилди. Аммо баъзи ўзгаришлар ҳақида маҳалла раисларининг эътирозларини тингласангиз, уларнинг гапида жон бор, деган фикрга келасиз.
Кейинги пайтларда маҳаллада фаолият кўрсатаётган бир неча штат бирлиги бошқа тизимга ўтиб кетганлигини кўпчилик яхши билади. Жумладан, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғридан-тўғри хотин-қизлар қўмитасига, посбон эса профилактика инспектори ёрдамчиси сифатида ички ишлар тизими билан бевосита ишлайдиган ходимларга айланишди. Бир қараганда ҳаммаси тўғридек, сабаби, хотин-қизлар бўйича мутахассис бевосита қўмита низомидаги ишларни бажаради. Посбон эса маҳалладаги тартибни сақлаши керак, вазифаси бевосита ички ишлар тизими билан боғлиқ. Маҳаллада ишлайдиган, маҳалла ишини юритадиган икки ходимнинг бошқа ташкилотга бириктириб қў¬йилиши бир қараганда оддий ҳолдек, аммо ҳар бир раҳбар билади, қозони бош¬қа бўл¬ган ходим иши бир бўлган одамга ҳеч қачон бўй¬сун¬майди. Гап фақат бўй¬сун¬масликда эмас. Келинг, баъзи маҳалла раисларининг фикрларини баён этсак.
- Хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассиснинг асосий вазифаси оилалар билан ишлаш, улардаги нотинчликларни бартараф этишдан иборат, - дейди оқсоқоллардан бири. - Аммо улар деярли маҳаллада ўтирмайди, ҳар икки куннинг бирида йиғилиш, тадбир, анжумандан бўшамай қолишди. Тўсатдан юз берадиган оилавий можароларга ҳам баъзида ўзимиз бориб, ҳал қилишимизга тўғри келмоқда. Уларнинг асосий вазифаси хонадонма-хонадон юриш, оилалардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш эмасми? Афсуски, улар бу вазифани амалга оширмаяпти.
- Фақат менинг маҳалламда эмас, бошқа маҳаллаларда ҳам посбонлар бошқа ҳудуддан келиб ишлаяпти, - дейди яна бир маҳалла раиси. - На маҳалла аҳлини, на бу ердаги шарт-шароитни яхши биладиган посбон қандай қилиб аҳоли тинчлигига масъул бўлиши мумкин ахир?! Посбон шу маҳаллада туғилиб ўсган, унинг паст-баландини тушунадиган, кимнидир уйига борганда ҳам бемалол кирадиган одам бўлиши керак эмасми? Айниқса, Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларни биласиз, битта ҳудудда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Посбон уларнинг тилини, яшаш тарзини тушунган бўлиши керакку.
Улар яна кўп муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, йиғилишларнинг кўп ўтказилиши, солиқ тўловларини ҳам аҳолидан маҳалла раислари йиғиб юриши, ойлик-маошларнинг пастлиги каби муаммолар бугун маҳалла раислари, умуман, маҳалла тузилмаси шаънига соя солаётган жиҳатлар, назаримда.
Кўпчилик маҳаллада обрўли, халқнинг ҳурматига сазовор бўлган кишилар ишлаши керак, бир пайтлар улар бепул ҳам шу вазифани бажарган, деган фикрларни билдиришдан чарчамаётир. Бугун афсуски, бунинг иложи йўқ эканлигини маҳаллада бир кун ўтирган одам тушуниб олади. Жамоатчилик асосида ишлаш тизимини ташкил қилишда ҳали қа-тор оқсоқликларимиз борлигини кўпчилик яхши билса керак. Шунинг учун одамларнинг фаоллигини ошириш керак, жамоатчиликни қизиқтириш керак, деган фикрлар ҳам баландпарвоз, аммо амалда исботини топиши қийин бўлаётган гаплардир.
Гарчи маҳалла раислари сайлови яқиндагина бўлиб ўтди, муносиб номзодлар сайланди, дейишимизга қарамай, кўп ҳудудларда муносиблар сайланмаганига гувоҳ бўляпмиз. Бунинг сабаблари юқоридаги муаммоларда эмасмикан? Ва муаммоларни тинглаб, таҳлил қиларканмиз, маҳаллани уч, баъзида тўрт-беш томонга тортқиланаётган, шунинг учун ҳам жойидан силжиши қийин бўлаётган аравага қиёслагим келди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.