Маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси: В2В музокаралар, келишувлар, шартномалар ва тақдимотдан Startup‘гача
Самарқанд педагогика ва сервис коллежида вилоят ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бошланди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу ярмарка Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида икки йиллик танаффусдан сўнг яна ўтказилмоқда.
Уч кун давом этадиган тадбирда вилоятимиздаги 200 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари, ҳунарманд ва тадбиркорлар қатнашаётган бўлса, уларнинг 25 га яқини бу каби йирик кўргазмаларда илк бор иштирок этмоқда. Ишлаб чиқарувчиларимиз томонидан халқаро стандартларга мос минг турдан зиёд импорт ўрнини босувчи товар, хизматлар, янги ўзлаштирилган ҳамда ишлаб чиқариши режалаштирилган маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан иштирок этишмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, ип-калава ва текстиль, гилам маҳсулотлари, тиббиёт, спорт, мебель жиҳозлари, қурилиш товарлари, ўқув лаборатория, лак-бўёқ маҳсулотлари, совутгич ва музлаткичлар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотяпти.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, вилоятимизнинг ҳудудий импорт ҳажми ўтган йили 751,7 миллион долларни ташкил этиб, 2018 йил билан солиштирганда 168,6 миллион долларга, яъни 28,9 фоизга ортган. Ундан 108,1 миллион долларлик ўхшаш, яъни ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Вилоятда импорт ҳажмини камайтириш ва экспортни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ва маҳсулотлар билан таништириш мақсадида ташкил этилган ярмаркада биргина автомобилсозлик корхоналари томонидан 600 дан зиёд бутловчи буюмлар ва қўшимча қисмларни маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш бўйича таклифлар ўртага ташланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар ишлаб чиқаришда ҳамкорликни йўлга қўйиш, В2В шаклида музокаралар, келишувлар, шартномалар, тренинг, тақдимот, Startup, янги ҳамкорлар, янги маҳсулотлар ва янги имкониятлар яратиш учун ҳам ярмарка жуда самарали ҳисобланади.
- Корхонамизда 18 хил қурилиш материали, қоришмалар ва буёқлар ишлаб чиқариб, асосан ички бозорга сотяпмиз, - дейди Самарқанд туманидаги “SAM MAXIMUM” масъулияти чекланган жамияти директори Бахтиёр Ҳамидов. – Туркияда малака оширган усталаримиз ишлаб чиқариш ускуналарини ўзлари ясашди ва 2017 йилда 5 нафар ишчи билан корхонани ташкил этдик. Ҳозиргача Қирғизистон, Тожикистонда маҳсулотларимиз кўргазмасини ўтказдик. Аммо республикамизда ўтказилаётган бу каби йирик кўргазмада биринчи қатнашишимиз бўлишига қарамасдан, ярмарканинг дастлабки бир соатида маҳсулотимиз хариди борасида иккита йирик келишувга эришдик.
Саноат ярмаркаси ва кооперация ярмаркасида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).