Маҳсулотни қадоқлашда қачон ўзгариш бўлади?
Ишлаб чиқарилган маҳсулотни жаҳон стандарти талаби асосида баҳолаш ва синовдан ўтказишда метрологиянинг ўрни муҳим. Бироқ 1993 йилда қабул қилинган “Метрология тўғрисида”ги қонун мазмунан эскирганлиги, халқаро андозаларга мос келмаётганлиги ва бошқа омиллар туфайли мазкур қонунни такомиллаштириш зарурати туғилди.
Қонуннинг янги лойиҳасини ишлаб чиқишда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Арманистон, Германия, Хитой ва бошқа давлатларнинг тажрибаси таҳлил қилинди. Германия PTB ташкилотининг “Марказий Осиё давлатларида миллий сифат инфратузилмасини ривожлантириш” мавзусидаги техник ҳамкорлик лойиҳасининг халқаро экспертлари жалб этилди. 2015 йилда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланган эди ва ҳозиргача жамоатчилик фикрини ўрганиш, амалиётга қўллашдаги бўшлиқлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, халқаро экспертлар - РТВ экспертлари томонидан билдирилган тавсиялар инобатга олинди.
Шундай қилиб 2020 йил 7 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган “Метрология тўғрисида”ги қонунда юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, миллий ва халқаро тизим интеграциялашувини таъминлаш ва соҳада ечимини кутаётган муҳим устувор вазифалар белгиланган.
Хусусан, метрологиянинг асосий вазифалари, принциплари, давлат сиёсатининг йўналишлари белгиланди. Метрология соҳасида фаолият олиб борувчи субъектлар сифатида Вазирлар Маҳкамаси, давлат метрология хизмати, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахсларнинг метрология хизматлари белгиланиб, уларнинг ваколатлари қайд этилди.
Қонундаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири тадбиркорлик субъектларига давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда ўлчаш воситаларини калибрлаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, метрология ишларини (калибрлаш) амалга ошириш учун хусусий бизнесга сармоя жалб қилиш имконияти яратилди ҳамда калибрлаш ишларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўрсатиш доираси кенгайтирилди. Миллий эталонларни халқаро эталонлар билан даврий равишда солиштириб бориш ва уларнинг хусусийлаштирилишига йўл қўймаслик тартиби ўрнатилди, ўлчаш ва синов воситаларининг аниқ мезонларини белгиланди.
Яна бир аҳамиятли томони ушбу қонунда қадоқланган товар миқдори давлат метрология текшируви ва назорати объектларидан бири сифатида белгиланиб, давлат метрологик текшируви ва метрологик назорати қай вазиятларда, қандай кўринишда, ким томонидан ўтказилишини белгиловчи аниқ нормалар билан тўлдирилди. Бу эса реализация қилинаётган қадоқланган товарларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги улар миқдорини метрологик текширувдан ўтказиш йўли билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини яратади.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларнинг фаолият доирасини кенгайтириш ҳамда метрология соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришга ва истеъмол бозоримизда сифатли маҳсулотлар кўпайишига замин яратади.
Азизбек ТУРДИЕВ,
“Ўзбекистон миллий метрология
институти” ДК Самарқанд филиали бошлиғи в.б.