Маиший чиқиндидан йилига 240 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарилади

Самарқандда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланган эди.
Ушбу лойиҳага Хитойнинг "Shanghai SUS Environment" компанияси томонидан инвестиция киритилган.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг "Shanghai SUS Environment" компанияси директори Жу Сяопин бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашувида лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Дастлаб Жу Сяопин ҳозирга қадар компания томонидан дунё бўйича 84 та чиқиндиларни энергияга айлантириш лойиҳасига инвестиция киритилганини, уларда йиллик 10 миллион тонна маиший чиқиндилар қайта ишланаётганини билдирди.
Самарқандда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида 15 гектар майдонда кунига 1500 тонна чиқиндини термик қайта ишлаш ва йилига 240 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилмоқда.
Учрашувда хитойлик инвесторлар ушбу заводга электр энергияси ва ичимлик суви тармоғи тортилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.
Шундан сўнг Адиз Бобоев тегишли масъуллар билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг Наврўз маҳалласи ҳудудидаги чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш заводи қурилиш майдонига борди.
Шу ернинг ўзида ушбу заводга электр энергияси ва ичимлик суви тармоқларини тортиш масаласи тезкор ҳал қилинди.
Вилоят раҳбари лойиҳанинг ҳудуд учун аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уни амалга ошириш суръатларини жадаллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.