Малака оширган ўқитувчи якуний имтиҳондан ўта олмаса нима бўлади?

Мактаб педагоглари беш йилда бир марта фаолиятидан ажралган ҳолда малака оширади. Замон, тараққиётнинг тезлашиши, ҳар бир касб эгаларининг узлуксиз малака оширишини тақозо этмоқда. Хусусан, мактаб ўқитувчилари мунтазам ўз устида ишламаса, замон билан ҳамнафас бўлмаса, ҳозирги ёш авлодга етарлича таълим-тарбия беролмайди. Шунинг учун бугун таянч мактабларда ментор-ўқитувчилар томонидан “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирлари ташкил этилган. Ушбу тадбирлар ҳафтада бир марта, яъни фан ўқитувчисининг мактабда дарси йўқ куни ўтказилади. Вилоят матбуот уйида журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
- Вилоятимизда 175 та таянч мактаблар бўлиб, уларга профессор-ўқитувчи ва методистларимиз ментор ўқитувчилар тайёрлаб беради, - дейди вилоят Педагогик маҳорат маркази директори Анвар Собиров. – Ўз навбатида ментор ўқитувчилар “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” тадбирларида ўқитувчиларни янги методикалар билан таништиради, таълимдаги янгиликлардан хабардор қилади, қисқаси уларнинг малакасини оширади.
Мактабларда таълим сифатини ошириш учун, аввало, ўқитувчининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш керак. Янги тартибга кўра, мактаб фаолиятидан ажралган ҳолда бир ой малака оширган ўқитувчи якуний имтиҳондан ўта олмаса, уч ой ичида ўз ҳисобидан келиб қайта ўқиши лозим. Бу педагогларни янада масъулиятли бўлишга, ўз фанини пухта ўрганишга мажбур қилади.
Бундан ташқари, марказ томонидан мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг ҳам малакаси оширилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб “Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати”ни ўтказиш йўлга қўйилган. Бунинг учун вилоятда 34 та таянч мактабгача таълим муассасаси танланиб, 34 нафар ментор-тренер тайёрланган. Улар орқали методик маҳорат тадбирларига 764 нафар етакчи-тарбиячи ва 10 минг 838 нафар тарбиячи қамраб олинган.
Йилдан йилга мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида болалар сони ортаётгани, бу ўз навбатида педагогларнинг ҳам ўсишига сабаб бўлмоқда. Бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят Педагогик маҳорат марказига янги ўқув бинолари ва ётоқхоналар қурилиши режалаштирилгани айтилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.