Малайзиядаги бизнес-форумда самарқандлик тадбиркорлар ҳам бир қатор келишувларга эришди

Ўзбекистон элчихонаси Самарқанд вилояти тадбиркорлар делегацияси, Куала-Лумпур шаҳар мэри Маҳади бин Че Нгах ва Малайзиянинг 20 нафарга яқин йирик ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этган эди.

Форумда Малайзиянинг кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, тиббиёт муассасаларини қуриш ва медицина жиҳозларини етказиб беришга ва бошқа йўналишларга ихтисолашган компаниялари Ўзбекистонлик бизнес доира вакиллари иштирок этди.

Анжуман доирасида мамлакатимиз ишбилармонлари “KK Group” компанияси билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиш ва ўзбек маҳсулотларини ушбу компаниянинг савдо тармоқлари орқали Малайзияда сотиш, шунингдек, “KK Supermart” савдо дўконлари тармоғи филиалини ва Малайзия миллий таомлари ресторанини Самарқанд шаҳрида очиш бўйича музокаралар олиб борди.

“Syarikat Jasa” фабрикаси вакиллари билан тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Куала-Лумпур шаҳар мэрига жорий йил 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Самарқанд кунларига бағишланган тадбирга таклифнома тақдим этилди, дея хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги.