Мамлакатлар рамзи бўлган ҳайвонлар

Азалдан ҳайвонлар доимо одамлар билан ёнма-ён юрган. Уларнинг феъл-атвори, хусусиятлари инсон ҳаракатлари билан таққосланади, тасвирлари кийимларда қўлланилади. Дунёга биринчи бўлиб “Тотем ҳайвони” тушунчасини ҳиндулар киритган. Кейинчалик ҳайвонлар герб, байроқ каби мамлакатларнинг расмий белгиларида тасвирлана бошланди. Қизиғи, ҳар доим ҳам гербда тасвирлашга қарор қилинган ҳайвонлар мамлакатларнинг рамзлари бўлмаган, кўп ҳолларда мамлакат аҳолиси томонидан қадим замонлардан чуқур ҳурматга сазовор бўлган ҳайвонлар уларнинг тимсолига айланди.

Австралия – кенгуру ва эму қуши

Австралия деганда биринчи навбатда хаёлимизга жанжалчи кенгурунинг сурати келади. Мамлакат фаунаси шунчалик турли туманки, ҳатто баъзи одамлар у ерга боришга қўрқади. Лекин фақат кенгуру мамлакатнинг асосий рамзига айланишга муваффақ бўлди. Қизиғи, гербда кенгуру билан бир қаторда эму қуши ҳам тасвирланган.
Австралияликларнинг таъкидлашича, бу икковлонни аҳолининг ўзи мамлакат рамзи сифатида танлаган, чунки кенгуру ҳам, эму ҳам орқага юришни билмайди – фақат олдинга! Ана шундай қизиқарли ва руҳни кўтарадиган рамз.

Монголия – от
Монголия давлати гербига қарасангиз, марказида Монголиянинг озодлигини эслатувчи айғир отини кўришингиз мумкин. Бу мамлакат аҳолиси учун от – ёрдамчи, содиқ дўст ва энергия рамзи ҳисобланади.

Россия - айиқ
Давлат гербида икки бошли бургут тасвирланган. Бироқ норасмий, аммо умумий қабул қилинган рамз, бу айиқдир. Уни мамлакат логотиплари ва шаҳарлар гербларида кўриш мумкин. Энг машҳури – Олимпия айиқчаси.

Бир қарашда маймоқ оёқ, лаванг бу ҳайвон ғазаблантирилса... у ўз ўлжасини сувдами, дарахтдами, қаерда бўлмасин, тутиб оладиган эпчил йиртқичга айланади.

Қозоғистон - илвирс

Бу ноёб, ёввойи табиатда камдан-кам учрайдиган ҳайвонни қор қоплони деб ҳам аташади. Илвирс қадимдан эъзозланиб келинган, у бадиий санъат ва афсоналарнинг ажралмас қисмига айланган. Қизиғи, қор қоплони гербда гул ушлаб турганча хайрихоҳ, тиш ва тирноқсиз тасвирланган.

Таиланд - фил
Таиландда филлар муқаддас ҳайвон ҳисобланади. Уларни ҳамма жойда, ҳатто тангаларда ҳам учратиш мумкин. Таиландликлар филлар омад келтиради, деб ҳисоблайди. Бу ерда улар учун ҳатто байрамлар уюштирилиб, тантанали тадбирларда филлар одамлар билан бир қаторда иштирок этади.

Филлар қадим замонлардан бери хонакилаштирилган ва парваришланган – улар юк ташишда, қурилишда, ҳатто урушларда ҳам қатнашиб, ўз эгаларига ёрдамлашган. Ҳозир улар туризмни ривожлантиришда хизмат қилмоқда.

Буюк Британия - шер

Аслида бу ҳайвон тасвиридан Кения, Финландия, Бельгия, Сингапур, Грузия каби кўплаб мамлакатлар рамз сифатида фойдаланишади. Бироқ Англия қироли Генрих I давридан буён шер қирол қалқонини безаш учун ишлатилган.

БАА - лочин

Жасур лочин Бирлашган Араб Амирликларининг анъанавий рамзи бўлиб, мамлакатнинг ҳар бир бадавлат аҳолисида бу қуш бўлиши шарт. Тўтиқушга ўхшаган “уй ҳайвони”нинг баҳоси жуда баланд, у машина ёки яхтадан қимматроқ туради. Мамлакатда лочинлар касалхоналари, кўналға, бозор ва ҳатто уларга бағишланган музей бор.

Хитой - панда

Бесўнақай, кулгили пандалар Хитойнинг миллий бойлигидир. Бу мулойим айиқполвонларни хитойликлар ўз рамзлари деб билади. Улар бир қарашда ўта хотиржам кўринадиган даражада аҳмоқ эмас. Тибет донишмандлари момиқ ҳайвонларда ўз ҳаёт тамойилларининг аксини топа олган. Дунёда жуда кам панда ҳайвонлари бор ва уларнинг аксарияти Сичуанда яшайди.

АҚШ – оқсоч бургут
Шимолий Америкада яшайдиган оқсоч бургут 1782 йилда Қўшма Штатлар гербида пайдо бўлган – у эркинлик руҳи ва қудратни ифодалайди.
ХХ асрнинг охирида Америкада бу қушлар йўқолиб кетиш хавфи остида деб эълон қилинди, бироқ мамлакатнинг табиатни муҳофаза қилиш сиёсати саъй-ҳаракати туфайли бургутлар тури популяцияси тикланди.

Швейцария – сигир

Цюрих аэропортида қўнғироқлар чалиниши ва сигирларнинг маъраши овозини эшитишингиз мумкин – мамлакатда меҳмонлар шундай кутиб олинади. Швейцарияликлар сигирларни яхши кўради ва бу қўштуёқлилар уларнинг рамзига айланган.
Ёқимтой қўнғироқчали, яхши парваришланган сигир, бу албатта – Швейцария! Бу ерда ҳар бир сигирнинг ўз сартароши бор ва маърагич гўзаллар учун гўзаллик танловлари ўтказилади. Мамлакат аҳолиси сигирларга меҳр билан муносабатда бўлишади, ахир улар мазали сут беради, ундан эса машҳур Швейцария пишлоғи тайёрланади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.