Мана, нима учун чекка туманларга спорт тўгараклари керак!?

Иштихонга иш билан бориб, ёпиқ сузиш ҳавзаси биносига кўзимиз тушди. “Қиш кунида барибир ишламаётган бўлса керак, одамлар уйини иситолмай ётибди-ку” дея ҳазил-чин қилиб, ишонқирамай кириб кўрдик.

Йўқ, иссиқ ва ишлаётган экан. Ҳавзада шуғулланаётганлар орасида бокс бўйича жаҳон чемпиони Нигина Ўктамовага кўзимиз тушди. Асосий йўналиши бокс бўлса-да сузиш у учун энг муҳим машғулот эканини айтди.

Бу ҳавзада ҳатто, 81 ёшли отахон ҳам келиб, сузиш машғулотларида қатнашар экан. Айтишича, икки ойдан буён шу ерга қатнаркан. “Шамоллаш нималигини билмайман, кундан-кун ёшариб, ўзимни бақувват ҳис қиляпман”, дейди отахон.

P/S: Айни вақтда вилоятимизда 11 та сузиш ҳавзалари бор. Афсуски, иситиш ва бошқа муаммолар сабаб уларнинг бир нечтаси ишламайди. Нафақат чемпионлар етишиб чиқиши, балки барчанинг саломатлиги учун бундай ҳавзалар, албатта, керак.