Марҳум гапирмайди, ҳужжат “гапиради”

Ургут туманида фаолият бошлаганимда эътибор бердимки, ўлганлик фактини аниқлаш ишлари жуда ҳам кўп экан. Кўп ҳолатларда фуқаро ўлимидан кейин унинг яқинлари ўлим ҳақидаги гувоҳномани олмас экан. Оғир мусибатни бошидан кечирган шахснинг бу каби масалани ҳал қилишга вақти ва истаги ҳам бўлмайди. Лекин марҳумнинг яқинларига бу ҳужжат барибир керак бўлади ва бу анча вақт талаб қилади.

Мазкур ҳолат юз берганда (бир фуқаро вафот этганда) ўлим ҳақидаги гувоҳномани олиш тартиби қандай бўлади?

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 7-бобига кўра, ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилгандан кейин 3 кундан кечикмай берилиши керак. Марҳумнинг яқинлари ушбу ҳужжатлар билан, яъни ариза ва ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома билан яшаётган жойдаги Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ва ўлим ҳақида гувоҳнома олади.

Лекин фуқаро ушбу тартибга амал қилмай, бир неча йиллардан кейин мурожаат қилса, албатта, унинг аризасига рад жавоб берилиб, судга вафот этганлик фактини аниқлаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ариза намунасини олиш учун фуқаро-аризачи Ўзбекистон Республикаси Олий судининг веб-сайтига (www.sud.uz) кириб, юклаб олиши мумкин. Давлат божи ва почта харажатини тўлаш учун фуқаро аввал Олий суднинг яна бир сайти-billing.sud.uzга кириб, инвойс рақамини олиб, нақд кўринишида банк кассасига ёки онлайн тарзда click ва бошқа тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда тўлаш имконияти бор.

Ф.Мухторов,

фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман суди судьяси.