Масала, масъулият, ижро
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 102-сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишини Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.
Дастлаб «Ўзбекистон – 2030» ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришилиши юзасидан вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Собиров ҳисобот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида хорижий инвестициялар жалб қилинган лойиҳалар доирасида 535 миллион доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 207 фоизни ташкил этди. Умумий қиймати 14,2 миллион доллар бўлган 3 та хорижий инвестиция иштирокидаги йирик лойиҳалар ишга туширилди ҳамда 85 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган ҳудудий инвестиция дастурига кўра, қиймати 2,4 триллион сўмлик 452 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 минг 670 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Умуман, вилоятда 2024-2026 йилларда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 2,3 миллиард доллар бўлган 98 та лойиҳани амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 1,1 миллиард долларга етказилади.
Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг 2024 йил 6 ойдаги фаолияти юзасидан бошқарма бошлиғи ўринбосари Одил Тўхтаевнинг ҳисоботи эшитилди.
– Ҳисобот даврида МИБ вилоят бошқармаси органлари томонидан жами 5 триллион 688,1 миллиард сўмлик 666 минг 873 та ижро ҳужжати бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида 3 триллион сўмлик 306 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари юзасидан якуний қарорлар қабул қилинди ва улар бўйича 1 триллион 493 миллиард сўм қарздорликлар ундирилиши таъминланди, – деди О.Тўхтаев. – Жумладан, банклар фойдасига кредит қарздорлиги ундируви билан боғлиқ ижро тадбирлари давомида 1,1 триллион сўмлик 12 минг 560 та ҳужжат бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 6581 та ҳужжат юзасидан 626,4 миллиард сўм ундирилди. Алимент тўловчи қарздорлардан эса 63,4 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилди.
Бу тоифадаги ижро ишлари бўйича «маҳалла еттилиги» ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 6017 та оила яраштирилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган 6 ойида электр энергияси ва табиий газ таъминоти корхоналари фойдасига 42,1 миллиард сўмлик 3915 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди ва 16,6 миллиард сўм қарздорликлар амалда ундирилди.
Ишга тиклаш билан боғлиқ 74 та ижро ҳужжатлари бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 65 та ҳужжат тамомланди, 46 нафар ходим ишга тикланди.
О.Тўхтаев ижро ҳаракатларини олиб боришда юзага келаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратиб, уларни ҳал этишда депутатлардан кўмак сўради.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторовнинг 2024 йил биринчи ярим йилликда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан ахборотида келтирилишича, адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига ҳисобот даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 78 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари лойиҳалари тақдим этилган. Уларнинг 69 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, қарор лойиҳасига хулоса берилган, 9 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Ҳисобот даврида ўтказилган 507 та ўрганишларда 84 минг 184 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ва уларни бартараф қилиш юзасидан тегишли корхона ва ташкилотлар, идораларга 887 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 736 та, жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан 7 та таклиф ва 76 та огоҳнома киритилди. Натижада 182 нафар шахс интизомий, 731 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан 26 та давлат ташкилоти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ўрганиш ўтказилганда 1037 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.