Масъуллар Кенгашга ҳисобот берди

Аввал хабар берганимиз, бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси ўтказилди.
Сессия ишини Кенгаш раиси Шуҳрат Негматов бошқарди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Наврўзжон Раҳмонов 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, мавсумга тайёргарлик доирасида вилоятдаги 155 та кўп квартирали уй, 263 та мактаб, 109 та боғчада таъмирлаш ишлари олиб борилди. Иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида 6 та қозон ва 300 метр иссиқлик тармоқлари таъмирланди. Самарқанд шаҳридаги 22 288 хонадонли 433 та кўп қаватли уйни марказлашган иссиқлик таъминотига улаш ишлари олиб борилмоқда.
Ичимлик сув тармоқларининг 14,8 километр қисми мукаммал, 13,4 километри жорий таъмирланди ҳамда насос ускуналарининг 37 таси мукаммал ва 58 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Электр ва газ таъминоти бўйича ҳам белгиланган вазифалар ижроси таъминланган. Бюджет ташкилотлари учун 81 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилган.
Сентябрь ойидан аҳоли хонадонларига ҳам кўмир тарқатиш бошлаган ва шу пайтгача 6,2 минг тонна кўмир етказиб берилди. Йил якунига қадар аҳолига мўлжалланган 166 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари тўлиқ етказиб берилиши таъминланади.
Шунингдек, қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш учун етарли материаллар захираси яратилди.
Депутатлар мавсумда электр ва газ таъминоти узлуксиз етказиб берилиши, иссиқлик тизими юзасидан мавжуд муаммолар бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шундан сўнг вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Абдунаби Носиров давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг 9 ойида вилоятда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 21 тага ёки 2,9 фоизга (726/747) кўпайган. Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 17 тага ёки 8,6 фоизга (198/181) камайишига эришилган.
Умумий йўл-транспорт ҳодисалари Ургут (59/61), Жомбой (22/31), Тойлоқ (39/56), Пайариқ (34/40), Иштихон (23/31), Нарпай (45/52) ва Пахтачи (34/43) туманларида кўпайган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 354 таси пиёдаларни уриб юбориш, 265 таси транспорт воситалари тўқнашуви билан боғлиқ бўлган. 34 ҳолатда ҳайдовчининг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқаргани бундай кўнгилсиз ҳодисалар юзага келишига сабаб бўлган. Натижада 89 нафар пиёда вафот этган, 269 нафари эса турли даража тан жароҳатлари олган.
- Вилоят ҳудудидаги умумфойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳамда кўчаларида 2804 дона етишмайдиган йўл белгилари ўрнатилди, 4077 дона эскирган йўл белгилари янгисига алмаштирилди, - деди А.Носиров. - 153 жойда сунъий нотекисликлар яратилди, 1260 пиёдалар ўтиш жойида ётиқ чизиқлар янгиланди, 15 жойда янги пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилди, 2 та ер ости пиёдалар ўтиш жойлари қурилди. Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида 56 пиёдалар ўтиш жойи ёритилди, 37 жойда светофор ўрнатилди.
Инспекторларимиз томонидан йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича 538 минг 727 та қоидабузарликлар аниқланган. Шундан 138 минг 54 таси қўпол қоидабузарликлар, 2995 таси маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 10 минг 639 таси светофорларнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмаслик, 30 минг 50 таси пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарлик ҳисобланади. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари томонидан эса 1 миллион 217 минг 658 та (576 миллиард 888 миллион сўмлик) қоидабузарликлар аниқланган. Айни пайтда вилоятда 61 дона радар ва 118 дона интеллектуал камера ўрнатилган бўлиб, ушбу қурилмалар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона ахборот тизимига интеграция қилиниб ишга туширилди.
Бугунги кунда вилоят бўйича жами 63 та ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув ташкилотлари тўлиқ жиҳозланиб, фаолияти йўлга қўйилган ҳамда вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилинган.
Сессияда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Кадастр агентлигининг “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келиб тушган ҳужжатлар асосида 500 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди.
Сессияда жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.