Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Масъулларнинг ҳисоботи эшитилди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг йигирма саккизинчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори ижроси Сенат раиси назоратида

Сессияда дастлаб, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 сентябрдаги “2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Таъкидланишича, қарорга асосан 2020-2022 йилларда шаҳарда 204 лойиҳа доирасида 1 триллион 103 миллиард 599 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Жумладан, 2020 йилда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда 81 лойиҳа амалга оширилиб, 170 миллиард 217 миллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Муҳандислик коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 11,7 миллиард сўмлик 23 та лойиҳа бажарилган. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 7,6 миллиард сўм эвазига 6 та лойиҳа амалга оширилди.

– Вазирлар Маҳкамаси қарорининг барча бандлари ҳам бирдек бажарилмаётгани сир эмас, - деди Г.Алимова. – Мисол учун, “Ипотека-банк”ка Ингичка қўрғончаси ҳудудидаги кичик саноат зонасига мавжуд табиий ва хомашё захираларидан самарали фойдаланган ҳолда травертин, гипсокартон, гипс боғлагичларини ва мармар тошларни қайта ишлаш лойиҳаларини 2020 йил якунига қадар жойлаштириш чораларини кўриш топширилган эди, аммо бу иш ҳали бошланмади. Шу ва бошқа бир қатор масалалар республика вазирлик ва идоралари билан боғлиқ бўлгани сабабли бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси, Каттақўрғонда ўрганиш ишларига бош бўлган ишчи гуруҳ раҳбари Т.Норбоевага маълумот киритганимиз ва қарор ижроси Сенат раиси назоратида турибди. 

Кўрсатилаётган ёрдамни аҳоли ўз ҳаётида сезиши керак

Сессияда вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Жумаеванинг давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан, вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборовнинг 2021 йилда янги иш ўринлари яратиш прогноз кўрсаткичларини белгилаш бўйича ҳудудлар ва йўналишлар кесимида манзилли дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

– Қарор асосида вилоятимизда 21 нафар вакиллардан иборат вилоят хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши таркиби ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган, – деди С.Жумаева. – Ушбу режа ҳамда жойларда ўтказилган хатлов натижасида 34 минг 939 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди ва уларга тўққиз тоифага ажратилган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бугунги кунга қадар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож 8537 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. 6 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларга Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли қарорига асосан бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди, 44 нафар аёл ижара шартномаси асосида, 6 нафар аёл ижтимоий уй билан таъминланди.

Бундан ташқари, 1979 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 

954 нафарига Халқ банки томонидан кредитлар ажратилди ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилди.

Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар “Аёллар дафтари”га киритилган яна 7 минг 408 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади. Хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан 181,4 миллиард сўм маблағ ажратилади. Оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож 120 нафар аёлга бошланғич бадал пуллари тўлаб берилади.

2021-2022 ўқув йилида олий ўқув юртига кирадиган, ота ёки онасидан бири вафот этган, шунингдек, турмуш ўртоғи вафот этган хотин-қизлардан 100 нафарининг контракт тўлови вилоят ҳокимлиги, 61 нафариники олий ўқув юртлари томонидан тўланиши белгиланган.

Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов йилнинг биринчи чорагида 7630 та лойиҳаларда 9045 та янги иш ўринлари ташкил этилганини таъкидлади. Ҳисобот даврида 6975 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган, 2530 нафар аҳоли жамоат ишларига жалб қилинди, 3710 киши касб-ҳунарга ўқитилди,  298 нафар ишсиз ва кам таъминланган фуқароларга иссиқхона қуриб бериш, уруғ ва кўчатлар сотиб олиш ва суғориш воситаларини харид қилиш мақсадида субсидиялар ажратилди.

Бошқарма бошлиғи белгиланган йўналишлар бўйича йил охирига қадар яна қанча иш ўринлари яратилиши, жамғармалар томонидан бериладиган кредитлар ва давлат субсидиялари ҳақида маълумот берди.

Депутатлар икки масъулдан ҳам рақамлар эмас, кўпроқ амалий ишлар ҳақида маълумот беришни сўради. Кўрсатилаётган ёрдам, давлат эътиборини оддий, оғир турмуш шароитида яшаётган одамлар ўз ҳаёти мисолида ҳис қилишига эришиш муҳимлигини таъкидлади.

Фуқароларга қулайлик яратилганми?

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ф.Шайзаковнинг ҳисоботини ҳам эшитдилар.

– Кенг жамоатчиликнинг фикрларидан келиб чиқиб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг асосий фаолиятини фуқароларга кўмак беришга йўналтириш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш чораларини кўряпмиз, – дейди Ф.Шайзаков. – Вилоят ҳудудида доимий рўйхатдан ўтмаган, вақтинчалик истиқомат қилиб келаётган ёки узоқ муддат давомида хизмат сафарида бўлган фуқароларнинг автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиларини беришда аҳолига қулайлик яратилмоқда. Фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ишлари ҳозирги кунда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Самарқанд шаҳридаги, Каттақўрғон, Самарқанд, Оқдарё туманларидаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмаларида тўлиқ амалга оширилмоқда. Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази биносида ҳам миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун компьютер, суратга олиш ва чоп этиш мосламалари келтирилди. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузуридаги рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгорлардан имтиҳонларни олиш жараёнининг инсон омилисиз, ошкоролик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга имкон берадиган омилларни бартараф этиш мақсадида тегишли идоралар томонидан яратилган ва давлат стандартларидан ўтказилган электрон имтиҳон дастурлари орқали синовлар олиниши йўлга қўйилган.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилган.

Депутатлар тизимда йўлга қўйилаётган янги тартиблар ва ҳамда вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга Ф.Шайзаковдан жавоблар олдилар.

Сессияда кенгаш ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.