Махсус рухсатномани Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказидан олиш мумкин

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель 00:01 га қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вилоятлараро, Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида барча турдаги автотранспорт воситалари, шу билан бирга шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилди.

Бунда фақатгина махсус рухсатнома асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилди.

Хўш, махсус рухсатномани қаердан олса бўлади?

Махсус рухсатнома Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан берилади. Хусусан, бу амалиёт Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида амал оширилмоқда.

Махсус рухсатномалар бериш тизими жорий йилнинг 29 март куни соат 09:00 дан амалиётга жорий этилди.

- Махсус рухсатнома марказга ташриф буюришдан олдин телефон қилиб, маълумотлар оператор томонидан тўлдирилганидан сўнг қабул қилинади. Аввалдан рўйхатдан ўтмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари кўриб чиқилмайди.

Биринчи навбатда озиқ овқат ва дори-дармон ташувчи юридик шахсларнинг, кейин эса жисмоний шахсларнинг аризалари қабул қилинади.

Махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган бошқа автотранспорт воситалари фақатгина ушбу муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади. Шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатьиян ман этилади ва тартиб бузилган ҳолатларда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Махсус рухсатномани олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Ҳозирча рухсатномани олиш учун:

- фуқаролик паспорти;

- автомототранспорт техник паспорти;

- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

- лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензия;

- рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

- ходимнинг меҳнат дафтарчаси ёки лавозимга тайинланганлиги тўғрисида буйруқ.

Ҳурматли фуқаролар!

Ҳозирда карантин эълон қилинганлигига қарамасдан, Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига жуда кўп фуқаро келаётганлигини инобатга олган ҳолда, марказ фақат Сизларнинг ҳужжатларингизни қабул қилиш билан чекланади. Шу сабабли тўғри тушунган ҳолда, ҳужжатларингизни Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази ходимларига топшириб кетишингиз сўралади.

Рухсатнома фақат "Давлат белгиси" ДИЧБ томонидан белгиланган тартибда рухсатномалар бланклари тайёрланганидан сўнггина, белгиланган тартиб бўйича берилади. Бу ҳақда марказ ходимлари Сизларни телефон орқали хабардор қилади.

Самарқанд шаҳар ДХМ манзили: Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 155 А - уй. Телефон: (66) 237-70-39.

Мўлжал: «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси.