ИИВ карантин вақтида стикерсиз автомашинанинг жарима майдонига олиб кетилиши қонунийлиги ҳақида маълумот берди
Ички ишлар вазирлиги коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича карантин чекловлари жорий қилинган бугунги шароитда махсус рухсатнома, яъни стикерсиз автомобиль бошқарган ҳайдовчига кўриладиган маъмурий чоралар, машинанинг жарима майдончасига олиб кетилишининг тартиби бўйича маълумот берди.
Вазирлик ахборотига кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунига мувофиқ республика ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш йўли билан таъминланиши белгиланган. Юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этилиши мумкин. Чекловчи тадбирлар (карантин) тушунчасининг бевосита мазкур қонуннинг ўзида аниқ маъноси ва мазмуни очиб берилган бўлиб, у ўз ичига хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф–5537-сон фармойиши билан чекловчи тадбирларни (карантин) тезкор тарзда жорий этиш ва амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Республика махсус комиссияси ташкил этилган. Ҳукуматнинг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори 12-бандида махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги белгиланган.
Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланишига йўл қўйилганда, транспорт воситалари коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилиши тўғридан-тўғри белгилаб қўйилган.
Айрим фуқаролар ва экспертлар автотранспорт воситаларининг махсус рухсатнома (стикер)сиз ҳаракатланиши билан боғлиқ масалалар йўл ҳаракати қоидалари доирасидаги ҳуқуқбузарлик деб нотўғри фикр юритмоқда.
Ушбу ҳолат йўл ҳаракати эмас, балки карантин қоидаларини бузиш, деб асосланади. Мазкур талабларни, яъни карантин чекловларини бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 54-моддасида белгиланган карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузган шахс сифатида жавобгарликка тортилади.
Шу муносабат билан, кодекснинг 54-моддасидаги ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузувчи ва маъмурий ишни мазмунан кўриб чиқувчи ваколатли орган бу давлат санитария назорати органларидир.
Карантин қоидаларини бузган шахслар томонидан, жумладан, тегишли ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликнинг давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида мазкур автотранспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Акс ҳолда, мазкур шахслар карантин билан боғлиқ чекловларга риоя қилмасликни давом эттириши мумкин. Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик аниқлангандан сўнг унга дарҳол барҳам берилиши лозим, яъни ҳуқуқбузарлик давом эттирилиши тўлиқ тўхтатилиши шарт. Автотранспорт воситасининг ҳаракатланиши учун карантин шароитида асос бўлмаган ҳолатда ҳам ушбу қоида татбиқ этилади ва унинг кейинги ҳаракатига чек қўйилади. Бу билан карантин қоидаларига риоя этиш таъминланади.
Давлат санитария назорати органлари томонидан тегишли баённомалар бевосита жарима майдончаларида расмийлаштирилиши йўлга қўйилган. Чунки ҳар бир постда ушбу органлар масъул ходимлари иштирокини ва назоратини таъминлашнинг иложи йўқ. Юқоридаги механизм эса ҳуқуқбузарликнинг бугунги кундаги мураккаб эпидемиологик шароитда дарҳол тўхтатилишини ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайди.
Маълумот тариқасида келтириш мумкинки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 287-моддасига асосан ички ишлар органлари кодекснинг юқорида кўрсатилган 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда ҳуқуқбузарни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатини ҳам қўллаши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни вақтинча жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади.