Меҳнат инспектори ўз ҳудудида ишсизликни бартараф эта оладими?

Каттақўрғон туманидаги 69 маҳаллада истиқомат қилувчи 264 минг аҳолининг 150 мингга яқини меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ишсизлар сони бошқа туманларга нисбатан бироз кўпроқ. Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларига асосан 4,5 мингга яқин янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 2353 нафар ишсиз туман бандликка кўмаклашиш маркази орқали иш сўраб мурожаат қилган. Уларнинг минг нафардан зиёди турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган.

Жорий йил муддатли ҳарбий хизматдан қайтиб келган 186 нафар йигитнинг 9 нафари квота, 116 нафари эса муқим иш ўрнига жойлаштирилган. Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилган Қўштепа маҳалласида яшовчи Ў.Амиров Найман маҳалласига посбонлик вазифасига, валижонлик С.Зубаев эса «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти туман бўлимига суғурта агенти, Муллакўрпа маҳалласида истиқомат қилувчи С.Мажидов ҳамда омонбойлик Ҳ.Турғунпўлатов «Рустам - Пластекс» хусусий корхонасига ишга жойлашди.

- Менга қарашли ҳудудда 186 нафар ишсиз фуқаро истиқомат қилади, - дейди ҳудудий меҳнат инспектори Искандар Шоназаров. – Шуларнинг 3 нафари ишсизлик нафақаси олади. Аммо, кўпчилиги Каттақўрғон шаҳрига ёки туман марказига келиб мардикорлик билан шуғулланади. Уларга ҳудуддаги тадбиркорлар томонидан яратилган бўш иш ўринлари таклиф этганимизда, айримлари рад жавобини бериб яна четга кетишга қарор қилганлигини айтишмоқда. Уларнинг бу ерда топгани рўзғорига етмаслигини, ойлик иш ҳақи кам эканлигини таъкидлашади. Яқинда туман ҳокими ташаббуси билан Каттакўрпа ва Олмазор маҳаллаларида истиқомат қилувчи 12 нафар ишсизга «Лазизбек Ёздонов» фермер хўжалигига қарашли ердан 5 гектари такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. Шунингдек, уларга ер тайёрлаш учун ёқилғи ва экин уруғликлари ҳам бепул тарқатилди.

Аммо ўтган олти ойда туманда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўзда тутилган барча режалар ҳам бажарилган эмас. Жумладан, туман ҳокими секторида 204 ўрнига 114 нафар, туман прокурорига қарашли секторда 194 ўрнига 159 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, уюшмаган ёшлар ўртасида ўз вақтида тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги боис 3 ва 4-секторларда касбга тайёрлашга йўлланган ёшлар сони 80-85 фоизни ташкил этади.

Туманда жорий йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида Муллакўрпа, Валижон ва Мундиён қишлоқлари ободонлаштирилмоқда. Аммо мазкур аҳоли пунктларида қурилиш ва таъмирлаш ишларига режадаги 210 нафар ўрнига 72 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилингани реконструкция ишларининг ўз вақтида амалга оширилмай қолишига сабаб бўлмаяптимикан? Балки шу сабабли ишчи кучи етишмаганлиги туфайли дастурга тушган, аммо қурилиши чала қолаётган қишлоқлар аҳолисида турли норозиликлар пайдо бўлаётгандир?

Шу пайтгача туманда тўрт марта ўтказилган ярмаркада 235 корхона ва ташкилот жами 1375 та квота ва янги иш ўринлари билан иштирок этган. Аммо бу тадбирларда иштирок этганларнинг бор-йўғи 295 нафар фуқародан 113 нафари ишга йўлланма олган бўлса, 182 нафари фақат маслаҳат билан чекланган. Энг қизиғи, улар орасида бирорта ҳам жазодан озод этилган фуқаролар ва Қуролли Кучлар сафидан қайтган ёшлар йўқ. Ёки туманда имконияти чекланганлар ва хориждан қайтиб келиб, шу ерда қолиб ишлашни хоҳловчи меҳнат мигрантлари йўқ, деб ўйлайсизми? Бу ҳолат маҳалла фаоллари ва меҳнат инспекторларининг аҳоли ўртасида етарлича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмаганлигини билдирмайдими?

Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий меҳнат инспекторларининг асосий вазифасига киради. Ҳозирда туман бандликка кўмаклашиш марказида ишлаётган 8 нафар меҳнат инспекторининг ҳар бири ўзига бириктирилган 10-12 маҳаллада ишсизлар бандлигини таъминлаш, ҳудудда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, шунингдек, ногиронларни квота иш ўринларига жойлашишига кўмаклашиш каби вазифаларни амалга оширади.

- Шу пайтгача кунига 5-6 маҳаллада истиқомат қилувчи 15-20 мингга яқин аҳолининг аҳволидан хабар олардик, - дейди ҳудудий меҳнат инспектори Искандар Шоназаров. – Ҳозир эса айланиш масофаси узайиб, аҳоли пунктлари ҳам кўпайди. Кўп вақтимиз йўлда ўтяпти. Бу эса иш унумининг пасайишига олиб келмоқда. Берилган топшириқларни бажаришда қийинчиликлар пайдо бўляпти. Ахир қишлоқларга бирровгина кириб ўтиб бўлмайди. Пунктимизга келган аҳоли билан суҳбатлашиш, меҳнат мигрантлари, ногиронлар, ишсиз ва коллеж битирувчилари билан ишлашимиз керак. Буларнинг барчасига ҳафта давомида ҳам улгуриб бўлмайди.

Дарҳақиқат, ҳудудий меҳнат инспекторлари зиммасига катта масъулият юкланган. Аммо улар олдиларига қўйилган топшириқларни бажаришда бироз оқсаётганлиги сезилмоқда. Балки бунга кўп йиллик тажрибага эга мутахассисларнинг иш ўрни қисқариб кетганлиги сабабдир. Чунки, ҳудудда яратилаётган иш ўринлари, ишсизларнинг иш билан таъминланиши тўғрисидаги сохта маълумотлар ўша ерда ҳақиқий аҳвол қандай эканлигини ўз вақтида етказиб турувчи бандлик маркази вакили йўқлиги туфайли пайдо бўлади.

Жойларда туман ҳокимликлари билан келишган ҳолда аҳоли сонидан келиб чиқиб, ҳар 15 минг киши яшовчи ҳудудда биттадан меҳнат инспектори штати ажратилса, энг чекка қишлоқларда яшовчи ишсизларнинг, меҳнат мигрантлари ҳамда битирувчиларнинг ҳолидан хабар олиб, бандлиги ўз вақтида таъминланган бўлармиди?

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

«Zarnews.uz» мухбири.