Меҳнат мигрантининг отага мактуби: Мигрант меҳнатига суянади
Ассалому алайкум, отажон!
Саломатмисиз, укаларим, Анора хола ҳам эсон-омон юрибдиларми? Мендан салом айтиб қўйинг, сизларни соғинганман.
Отажон, биламан, сиз ҳайрон қоляпсиз, чунки мен қирқ ёшга кириб ҳеч кимга хат ёзмаганман. Агар ёзганимда ҳам «ажи-бужи» ҳарфларимни ҳеч ким тушунмаса керак, деб ўйлайман. Бу гал Ботир деган йигит ёрдам берди. Институтда ишлаган, даромад излаб мен каби Узоқ Шарққа келган экан.
Ярим йил ичида бу инсон билан ака-ука бўлиб қолдик. Ишдан кейинги суҳбатларда ҳаёт ҳақидаги хулосалари, самимияти билан мени одам қилди, десам хато бўлмайди. Биласизми, шу пайтгача кўп тенгқурларим қатори фейсбук деган нарсага ёпишиб олгандим. Ўшандаги ёзувларни ўқиб, ҳаёт ҳақиқати шу бўлса керак, деб юрардим. Аслида ундай эмас экан, китоб ўқиб одатланмаган одам фейсбукдаги гап-сўзларнинг мағзини чақмасдан «ура-ура» қилиб юравераркан. Китобда ҳикмат кўп экан.
Энди кўп нарсани тушуниб етаяпман. Аслида оиламиздаги муносабатларнинг чигаллашишига ҳам китоб ўқимаганлигимиз сабабчимикин, деб ўйлаб қолдим.
Эсингиздами, Баҳриндаги эски, пахсадан бўлган уйимиздан бешта бола мактабга қатнардик. Битта сигир, ўнта товуқ рўзғорни боқарди. Маҳалла оқсоқоли Сизга, аям раҳматлига қаттиқ дашном бергандан кейингина 12 сотихлик томорқамизнинг бир бурчагига сабзи, пиёз, помидор, бодринг, булғор қалампири экдик. Бобомдан қолган қора узум касалланса ҳам, меваси пишса ҳам ишимиз йўқ эди, сувраб кетган узумнинг ҳузурини сигир кўрарди. Сизни томорқамиздан фойдаланиш, даромад олиш ҳақида на фикрингизни эшитдик, на бизни бунга ундаганингизни кўрдик. Адашмасам, бола пулию яна давлатдан ҳар замонда бериладиган ёрдам ҳисобига яшардик.
Ҳозир замон алғов-далғов бўлиб, бой-камбағалнинг фарқи қолмади. Илгари дунёга қараш бошқача эди. Биз оддий деҳқоннинг боласи бўлганимиз учун гарчи ҳавас, орзу қилсак-да ҳар нарсага уринмасдик. Муаллимлар ҳам шундай ўйлашарди. Шу кайфиятга кўниккан эдик. Аслида дунёда бой ва камбағал эмас, шижоатли ва ақлли, шодон ва ишёқмас одамлар бўларкан. Тўғриси, бу ҳақиқатни муҳожир бўлиб ишлаганимдан кейин, 40 ёшга кирганда англаб етдим, аниқроғи, англатишди.
Отажон, англаган ҳақиқатдан асло кўз юмиб бўлмас экан.
Энг ёмон нарса кўникишга кўникиш эканини англадим. Боқимандалик, давлат маблағини бўлиб ейишга кўникдик. Шахсий мулк орттирганлар ё қамалди ёки ишдан олиб ташланди. Инсон то ўзи бир нарса яратмагунча ҳеч нарсанинг қадрига етмас экан. Хайрият, давлатимизда сиёсат ўзгариб, жуда кўп муаммолар барҳам топди. Одамларнинг меҳнатга, мулкка муносабати ўзгарди. Четда бўлсам ҳам ҳаммасини эшитиб, кўриб турибман. Лекин шунча имкониятдан кейин ҳам ишлашдан қочаётганлар, давлат мулкига кўз олайтираётганларни кўриб, тўғриси, нафсониятим қўзғайди. Бу ерга ҳеч нарсасиз (қарз-ҳавола қилиб йўлга чиққанимни яхши биласиз) келиб, дастлаб мардикорлик қилиб (чунки рус тилини ҳам билмасдим), аста-секин касб ўрганиб, даромад қилиб, ўзим корхона очиб ишлаганимдан сўнг шу хулосага келдим.
Бундай ўйлаб қарасак, гарчи хитойликларнинг ишбилармонликка иштиёқига қанча ҳавас қилмайлик, болаларни ишбилармонликка ўргатиш билан ҳеч ким шуғулланмаяпти. Агар меҳнат дарсида ул-бул ясаганимизни, пилла, пахта ишларидаги иштирокимизни, ёмон ўқиган болаларнинг ёппасига касб-ҳунар коллежига жалб этишни меҳнатга йўналтириш деб ҳисоблаб юрдик.
Мен, тўрт укам, бир синглим ана шу сиёсат, қолаверса, сиздек хокисор инсон фарзанди бўлганимиз туфайли ўзимиз истамаган коллежларда «ўқидик». Синглимни мактабни битирганидан бир йил кейин эрга бериб юбордингиз, у бояқиш дарсга бормай, коллежи қаерда эканини билмай диплом олди.
Отажон, мусофирчилик осон иш эмас. Бекорга халқимиз «Мусофир бўлмаган мусулмон бўла олмайди» демаган. Инсонни мусофирчиликка ҳаёт, аниқроғи етишмовчилик мажбур қилади. Бутун дунёда ҳали мардикорларни ижтимоий ҳимоя қиладиган тўлақонли қонун ҳам ишлаб чиқилмаган. Албатта, бир умр Баҳриндан чиқмаган, йилида бир марта – Наврўзда Самарқандга борган Сизга бу гапларнинг ҳазм бўлиши мушкул, биламан.
Кетишимда оилада сал ноқулай вазият юзага келди. Онам вафот этгандан кейин Сиз уйланган Анора хола бизларга меҳр бера олмади, ўзи билан келган қизини кўпроқ эркалатди. Бунинг устига бизга иш топилмади. 600-700 минг сўм еган-ичганимизга ҳам етмади. Шу сабабли эски танишларни топиб, уч ака-ука четга кетишга келишдик. Мен Узоқ Шарққа, Карим – Санкт-Петербургга, Лазиз Самарага йўл олдик. Сал ўзимизни тутиб олгач, икковини ҳам ёнимга олиб келдим. Аммо ана шу муддатда бошимиздан не қийинчиликлар ўтгани ёлғиз ўзимизга маълум. Шукр, ҳозиргача ҳеч кимга нолимадик, нолимаймиз ҳам.
Муҳожирликни бўйнига олиш ҳам ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Кўрдик, ҳавас-орзулар билан четга чиққанларнинг қанчаси оғир меҳнат ва шароитга чидай олмай, қайтиб кетворишди.
Эҳ-ҳе, меҳнат муҳожирлари ҳақида юртимизда нима гаплар тарқалмади, дейсиз. Ваҳоланки, меҳнат миграцияси халқаро жараён ва ҳамма давлатда бор нарса. Четда ишлаб пул топишни ҳатто Ватанга хоинлик дегувчилар ҳам бўлди. Тўғри, мигрантларимизнинг кўпчилиги четга норасмий йўл билан кетишарди. Ахир бунинг расмий йўли коррупцияга ботган-да, улар нима қилишсин.
Шу ўринда яна бир кўнгилдаги гапимни айтиб ўтмасам бўлмас. У ҳам бўлса, «четга чиққанларнинг ҳаммаси маънавий бузуқ» деган туҳмат аламидир. Мигрант дегани, энг аввало, яхши тўланадиган, ишончли иш жойи дегани. Кейин бехавотир қўнимгоҳ бўлса ишлайди. Қорни тўйгач, кейин топган пулини тежаб, Ватанига, қоракўзларига юборади. Менга алам қилган жойи шундаки, йиллар давомида менга ўхшаганларга ёмон кўз билан қараб келишди. Ҳатто бюджет эгалари ҳам «Ҳой, биродар, ахир булар сизу бизга беминнат даромад келтиришяпти, ўзини ўзи банд қиляпти» деб айтишга ўзида куч топа олмади. Хайрият, давлат раҳбари жонимизга оро кирди, қадримизни тушунди.
Отажон, четга кетганларнинг ҳаммаси Сиз-у биз билан яшаб юрган таниш одамлар. Улар маҳорати ёки меҳнатига яраша ҳақ ололмаган, одамга ўхшаб яшашни орзу қилган, бироқ ўз юртида ўша даврда эътибор тополмаган одамлар. Фақат касби йўқлар эмас, олий маълумотли мутахассислар ҳам кетишди.
Маънавий бузуқлик масаласини оддий одамлар эмас, ўз айбини ёпмоқчи бўлган раҳбарлар ўйлаб топишган. Қанча одамлар четдан топиб келган пулига уй қуришди, болалар боғчаси очди, тўйлар қилди. Тўғри, мусофирлик шароитида оила бузилиш ҳоллари ҳам бўлди. Лекин уларнинг сабабини четдан эмас, ўзимизнинг маҳалладан қидирмоқ лозим. Эри ёки хотини четдан пул юбориб турганда, уларнинг жуфтлари бу маблағни ресторану давраларда сарф қилганини ким инкор этади? Бу воқеалар кўз ўнгимизда содир бўлгани ва ҳамма унга бефарқ қарагани ҳам бор гапку, нима дедингиз? Қишлоқда туриб маънавий тубанлик кўрсатганлар сони четдагилардан кам эмаслигини ким рад этади?
Отажон, ёмон фикрга борманг, мен бу мактубни Сизга миннат ёки иддао учун ёзмаяпман. Сиз хоксор, олижаноб инсонсиз. Бизга имконингиз даражасида оталик қилгансиз. Мени ушбу хатни ёзишга Ўзбекистон давлати раҳбарининг хориждаги меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш учун қабул қилган қарорлари ундади. Куни кеча вилоят ҳокимидан шаҳримиздаги мигрантларни ижтимоий ҳимоя қилиш марказига хат келди. Байрам билан табриклабди, биргаликда ишлаймиз, таклифларингизни инобатга оламиз, депти. Очиғи, ҳаммамиз қувондик, Ўзбекистон фуқароси бўлганимиздан фахрландик. Биласизми, айримлар анчадан буён кутиб юрганди бундай муносабатни. Энди насиб этса, Ўзбекистонда, ўз қишлоғимизда хориждаги корхоналаримизга ўхшаш корхоналар очиш йўлини қидирамиз. Даромадли ишчи ўринларга ҳамқишлоқларимизни олиб келамиз. Улар учун ётоқхоналар, уйлар қуришни режалаштиряпмиз. Мақсад битта, иштиёқимиз борми, демак биз ҳам бой бўлиш, шу орқали давлатимизни қудратли қилиш чораларини кўрайлик. Бир нарсани сездимки, отажон, ҳаётда мен каби қийналган, ўз меҳнати билан бирор нарсага эришганлар бу ишни яхши уддалашади.
Энг асосийси, меҳнат мигрантларига маданият ташувчи, даромад келтирувчи шахс сифатида қарашни ўрганайлик. Бутун дунёда шундай. Ахир манаман деган Хитой, Ҳиндистон, Германия, Туркия аҳолисининг бир қисми доимо меҳнат мигранти сифатида рўйхатда турганини яхши биламизку, тўғрими?
Отажон, узр сўрайман, биринчи марта мактубимда кўп гапларни айтиб юбордим. Юрагимдаги гаплар бу. Сизга ўхшаганлар ҳам, менга ўхшаганлар ҳам билсин, дедимда бу ҳақиқатни. Аслида мен учун Сизнинг соғлиғингиз, кайфиятингиз муҳим. Ишонаверинг, фарзандларингиз Сизни уялтириб қўйишмайди. Келаси йили етмиш ёшга тўласиз. Насиб этса, ака-укалар қишлоққа бориб, ҳурматингизни бажо келтирамиз. Омонликда кўришгунча!
Ҳурмат билан, катта ўғлингиз Абдуқодир.
P.S.: Мактуб эгасининг илтимосига кўра, ҳозирча унинг аниқ манзили ва фамилиясини ошкор қилмай турамиз. У Самарқанд вилояти қишлоқларидан бирида туғилиб ўсган ва бугун Хабаровск ўлкасида ишлаяпти. Босишга тайёрлаш чоғида муаллиф розилиги билан мактубнинг айрим жойларини таҳрир қилишга тўғри келди. Бу фикрлар меҳнат мигрантлари ҳақидаги тасаввуримизни бойитади, деган мақсадда, уни ҳукмингизга ҳавола этаяпмиз.
Фармон ТОШЕВ.