Меҳнат ярмаркаси бешта ташаббусдан бирига бағишланди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда йигирмага яқин корхона ва ташкилот 100 та иш ўрни билан қатнашди.

- 2019 йил 19 мартда Юртбошимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни изчил амалга ошириш илгари сурилди, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Азим Раҳмонов. - Ярмаркани шу ташаббуслардан бири – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида амалга оширдик.

Ярмаркага ТАТУ Самарқанд филиалининг 341 нафар битирувчи талабалари ва соҳага қизиқувчилар жалб қилинди.

– Тўрт йил давомида телекоммуникация йўналиши бўйича таҳсил олдим, – дейди Давронбек Каримов. – Ўзимга қулай иш суриштираётгандим. Бугунги тадбир шу муаммомга ечим топилишида ёрдам берди. Корхоналардаги бўш иш ўринлари билан танишиш жараёнида мени кўпроқ қизиқтирган “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Самарқанд филиалига йўлланма олдим. Таклиф қилинган маош ҳам мени қониқтирди. Йиллар давомида олган билимларимни амалиётда қўллайман ва келгуси фаолиятимни компаниянинг Самарқанд шаҳри бўлимида давом эттираман.

Тадбирда Давронбек каби талаба-ёшлар ўзлари танлаган корхона ва ташкилотларда ишлаш учун йўлланма олди. Улар у ердаги бўш иш ўрни билан яқиндан танишади ва икки томоннинг хоҳишига кўра меҳнат шартномаси тузилади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.