Меҳнатга лаёқатсизлик даври қандай расмийлаштирилади?
Корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз кундалик турмушида соғлиқ билан боғлиқ бўлган ҳолатларда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлишлари мумкин. Бунда ходим соғлиғи бўйича шифокорга мурожаат қилиши ҳамда шифокор унга ишга бормасликни лозим деб топса, шу санадан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тузилиши лозим. Меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома (2015 йил 17 апрель, рўйхат рақами 2667) асосида тартибга солинади. Унга кўра, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
Шунингдек, фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек, соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига мувофиқ аниқланган меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тиббий муассаса томонидан (мурожаат қилган ёки даволанган жойдаги) вақтинча меҳнатга лаёқатсиз шахсга берилади. Ходим хизмат сафари ёки меҳнат таътилига кўра, яшаш жойида бўлмаган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (маълумотномаси) у вақтинча бўлган жойдаги тиббий муассасада расмийлаштирилади. Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга унинг асосий иш жойига бериладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг нусхаси берилади.
Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бериш ҳуқуқига эга. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик 5 календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар 10 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ёки ўқишдан бўш вақтда ишлаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади. Ишлайдиган ногиронларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганда 2 ойгача, танаффус билан кечганда 12 ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.
Йиллик асосий ва қўшимча таътиллар, ўқиш билан боғлиқ таътиллар ва ижодий таътиллар вақтида, шунингдек, ишлайдиган пенсионерларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосларда берилади ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ходимнинг хоҳишига кўра, таътиллар узайтирилиши ёки бошқа муддатга кўчирилиши мумкин.
Йўриқномага асосан тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати, шифохоналарнинг қабул бўлимлари, суд-тиббий экспертиза муассасалари, пансионат ва санаторий-курортлар ва физиотерапия, даволаш физкультураси муассасалари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериш ваколати мавжуд эмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда, унга иш ҳақининг 60 фоизидан 100 фоизигача миқдорда нафақа тўланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш буйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 16-бандига биноан, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган, деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Таъкидлаш жоизки, ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида, ходим таътилда бўлганда ва ходим коронавирус инфекциясини юқтирган ёки карантинда бўлган боланинг, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (улар ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий) билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш таъқиқланади.
Дилфуза АБДУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири в.б.