“Мени қаровсиз қолдиришди...”  Иштихонлик ёлғиз кекса оилавий поликлиникадан шикоят қилди 

Вилоят адлия бошқармаси хабарига кўра, Иштихон тумани Қангли қишлоғида яшовчи С.Қ. ёлғиз яшайди ва ўзгалар парваришига муҳтож. У туман адлия бўлимига гарчи тегишли меъёрий ҳужжатларда белгиланган бўлса-да оилавий поликлиникадан бириктирилган хизмат кўрсатувчи ходим асоссиз равишда келмай қўйганидан норози бўлиб, мурожаат қилган.

Таъкидланишича, ўрганишлар чоғида фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган ҳолат  ўз тасдиғини топган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёлғиз яшайдиган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида парвариш қилиш бўйича ижтимоий хизматлар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари томонидан кўрсатилиши ҳамда улар маиший хизмат кўрсатишни, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини, зарур саноат товарларини ва дори-дармонларни сотиб олиш ва уйига етказиб беришни, овқатлар тайёрлашда ва уйни йиғиштириш-тозалаш, гигиена ишларида кўмаклашишни ўз ичига олиши белгиланган.

Туман адлия бўлимининг аралашуви билан фуқарога ҳудуддаги оилавий поликлиникадан бир нафар ходим бириктирилиши таъминланган.