Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Менинг номимдан ёзилган хат ва қўйилган имзо сохта экан”

Вилоят ҳокимлиги ва таҳририяти телеграмм боти: zarafshonbot`га шу мазмунда мурожаат келди.

Қуйида мурожаат эгаси шу ҳақда сўзлаб беради.

“2021 йил 28 декабрь куни вилоят ҳокими Э.Турдимов номига шикоят аризаси ёзган эдим. У шундай мазмунда ёзилган эди:

“2007 йил аукцион орқали ошхона биносини сотиб олиб, тадбиркорликни бошлаган эдим. 2020 йилнинг иккинчи чорагида ушбу бинонинг кадастр ҳужжатида кўрсатилган 154 метр квадрат, яъни барча қисми товон пулисиз бузилди. Шундан 55 метр квадрат қисми янги йўл қурилиши учун йўл ҳисобига ўтказилди.

Мен эски бинони бузиб, ўрнига ўз ҳисобимдан туман ҳокимлиги томонидан берилган лойиҳа асосида 2 қаватли бино қурдим. Аммо иккинчи қаватга чиқиш учун йўлакчага ер майдони етишмас эди. Бунинг учун яна 55 метр квадрат ер ажратилиши керак эди. Лекин шу пайтга қадар ер ажратилмасдан қолмоқда”.

Ушбу хатим вилоят ҳокимлигида рўйхатдан ўтган ва ижрога юборилгану, аммо ҳеч бир ҳокимлик вакили мен билан учрашмасдан сохта тушунтириш хати билан уни ёпиб юборган.

Виртуал қабулхонага қилган мурожаатимга ҳам ҳеч қандай ўрганиш ўтказмасдан менинг номимга жавоб хатлари келган.
Менинг шу масаладаги ишимни вилоят ҳокимлиги вакиллари адолатли ўрганишини истардим.

Абдураззоқ СУЛТОНОВ,
Самарқанд тумани Қозиариқ маҳалласи 215 уй.”