Меъёрида, оз таом есангиз иммунитетингиз кучаяди

Иммунитет дегани нима ўзи? Иммунитет бу – инсоннинг ички захиравий, ҳаётий биологик қуввати, кучи ва танамизга ташқаридан таъсир этаётган салбий ҳодиса, руҳий зарб, стресс ҳамда ичкарига сиртдан кираётган сон-саноқсиз касаллик, юқумли микроб, вируслар ҳужуми, “штурм”ига аёвсиз қаршилик кўрсатишидир. Шу сабабдан хам иммунитети паст, заиф одам тез, кўп касалланади.

Илло, қорин оч бўлганда ейилган камгина таом ҳам тўлалигича вужудимизга сингади, тез ҳазм бўлади. Ҳа, бор калория, қувватини тўлалигича беради бизга. Кўп таом еганимизда эса ундай бўлмайди. Танамиз ичидаги соф биологик қувват-энергия ўша кўп ейилган таомни ҳазм қилишга беҳуда кетади.

Тождорвирус пандемияси бошланган чоғиданоқ бу ҳол ҳаммага аниқ кўриниб қолди. Оз овқат ейдиган сабрли беморлар бир четда қолиб, кўп таом ейишга ўрганган, муккасидан кетган чидамсиз беморлар васвасали дод-войни бошлаб юборишди.

Шу ҳол ҳозирда ҳам давом этмоқда. Россиялик микробиологлар таъбирича, “Коронавирус “обжор”ларни териб кетмоқда”!

Танамизга сиртдан келиб тушган тажовузкор юқумли микробми, ажал олиб келувчи вирусми у-унга қаршилик кўрсатувчи танамиз антиген аслида бениҳоя соғлом, кучли бўлсагина “ёт душман”га қарши кучли, мукаммал антителалар ишлаб чиқара олади. Қон зардобида ва “душман” вирус ёки микробни осонгина маҳв этади.

Энг чатоғи, ўша митти коронавируснинг қон зардобида эмас, ҳужайралар ичида кўпайишидир. Бу ҳол кўрсатилаётган фавқулодий тезкор тиббий ёрдам, муолажалар кўламини икки ҳисса оширишни талаб этади.

Ибн Сино ҳазратларининг ҳикматига қаранг: “Иккимизнинг ёнимизда икки ликопча серёғ, кучли овқат турибди. Сен бу таомни ҳозироқ паққос туширасан-у, сўнг танангда бўшашиш, беҳаловатлик, уйқучанлик ҳис этиб, азобда қоласан, тўлғонасан. Мен эса шу таомни бўлиб-бўлиб беш маҳал ейман, беш маҳал ҳузур топиб, улардан ҳадсиз-ҳисобсиз ички биологик ҳаётий қувват тўплайман! Сенда эса ундай бўлмайди, еган таоминг ҳазм бўлмай, сиртга чиқади, кетади”.

Энди, хулосани ўзингиз чиқаринг.

Муродим УМРЗОҚОВ,

шифокор.