Миллат эҳтиёжига бахшида умр. (3-қисм)
“Ойина” - “Кўзгу” - “Миръот” - “Зеркало”
“Ойина” журнали Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қайноқ фаолиятини кўрсатадиган ва ғояларини илгари сурган ёрқин ёдгорлик ҳисобланади. Журналнинг биринчи сони 1913 йил 20 августда, охирги 68-сони эса 1915 йил 15 июнда чиқди. Журнал муқовада тўрт тилда - ўзбек, тожик, араб ва рус тилларида “Ойина” - “Кўзгу” - “Миръот” - “Зеркало” номи остида чиққан.
“Ойина”нинг тўрт тилда номланиши чет тилларни билиш ва эгаллаш зарурлигини доимо таъкидлаб келган Беҳбудийнинг тил бўйича қарашлари далилидир. У чет тилларни билиш таълим олиш, фан ва маданият ривожи ҳамда бутун тараққиёт учун муҳимлигини қайта-қайта таъкидларди. Бинобарин, журналнинг дастлабки сонидаёқ “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи босилгани тасодифий эмас.
Тез фурсатда журнал кенг омма ичида тарқалиб, халқнинг севимли нашрига айланди. Аммо журнал нашри қийинчиликларга учрар эди. Беҳбудийнинг сўзлари билан айтганда, бу “ҳарбий цензор”нинг журнал ишларига доимий аралашуви билан боғлиқ эди. Қисқа муддат нашр этилган бўлса-да, “Ойина” кўп мақсадларига эришиб улгурди. Беҳбудий илғор ғояларини жамият орасида ёйишга эришди. Агар у ўз фаолиятининг илк даврида якка бўлган бўлса, 1913 йилга келиб, уни Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Тошкент ва Туркистон ўлкасининг бошқа шаҳарларидаги жадид ўқитувчилар, ўқувчи-талабаларнинг ота-оналари, илғор кишилар, Туркия, Ҳиндистон, Россия, араб мамлакатлари зиёлилари қўллаб-қувватлади, унга китоблар, нашрлар билан ёрдам берилди. Бу 39 ёшли Беҳбудий учун кучли манба бўлдики, катта саъй-ҳаракатлар билан журнални чиқара олди. Замондошларининг хотирлашича, Беҳбудийнинг қуйидаги сўзлари кўп нарсани, хусусан, унинг тактикасини ойдинлаштиради: “Журналдаги қарашларнинг моҳияти ўз фаолиятини тўхтатган “Самарқанд” газетаси қарашларининг моҳияти билан деярли бир хил. Лекин ёруғликка чиқишнинг ўзга бир йўлини танладим. Фош этиш йўлидан, сатира ва юмор йўлига ўтдим. Зеро, енгил заҳархандали кулги билан кўп нарсага эришса бўлади”.
Журналнинг машҳур ва маълум бўлганини бу ерга жўнатилган хат, телеграммалар исботлаб турибди. Хатларда ҳаётнинг барча оғир-енгил, паст-баланд томонлари ҳақида сўз юритилар эди. Масалан, “Ойина”нинг 1914 йил 14 апрелда чиққан 51-сонида Қозондаги россиялик мусулмонлар, Бухоро фуқаролари, Ҳиндистон университетида таҳсил олаётган талабаларнинг хатлари эълон қилинган. Бу ҳол журналнинг жуда кенг тарқалганини ва машҳурлигини яна бир бор тасдиқлайди. Таҳририятга келиб тушган хатларда журнал нашрини яна давом эттириш зарурлиги изҳор этилган эди. Демак, у замондошларининг маънавий ҳаётида катта ўрин эгаллаган.
Замондошларининг гувоҳлик беришича, Беҳбудийнинг чоп этилмаган асарлари жуда кўп. Вафотидан ярим йил олдин ёзиб тугаллаган, мерос ҳуқуқига оид 200 босма табоқ ҳажмдаги асари, форс ва турк муаллифлари асарлари асосида тузилган астрономия бўйича дарслик, аёллар масаласига оид мақолалар шулар жумласидандир.
Маънавий васият
Ҳазрат Маҳмудхўжа Беҳбудий серқирра қобилиятининг гуллаб-яшнаган даврида ҳалок бўлди. У эндигина 45 ёшга тўлган, катта ҳаётий тажриба тўплаган навқирон инсон эди. Ўлимидан сал олдинроқ у сиёсатдан узоқлашади. Нима учун? Маълумки, охирги йиллари у Халқ маорифи комиссарияти Самарқанд бўлимида ишлар эди. Бу йиллари у сукут сақлар, ўз куч-ғайратини таълим тизимини ташкил этиш орқали жамиятга кўпроқ фойда келтириш йўлида сарфларди. Унинг ҳаёт йўлидаги эврилишларни бир хил баҳолаш унчалик тўғри бўлмас. У большевизмга нисбатан салбий муносабатда бўлиб, унинг мағлубиятга учраб, тор-мор келтирилишини ич-ичдан истаган ва Туркистон мухториятининг йўқ қилиб ташланганидан қаттиқ ташвишга тушган, бу ҳақда оташин мақола битган эди.
Лекин большевик ҳукумати унинг халқ орасидаги обрўси юқори даражадалигини тушунган ҳолда, уни “ўзиники” қилиб кўрсатмоқчи бўлди. 1922 йилдаёқ “Наука и просвещение” журнали Маҳмудхўжа Беҳбудийни Туркистон мухторияти душмани сифатида кўрсатишга уринди. Мақола муаллифи асоссиз равишда Беҳбудийни янги республика ҳукумати аъзоси бўла туриб, большевиклар билан коалицияда ишлаган деб, “миллатчиларнинг” душмани сифатида кўрсатмоқчи эди. Аммо айнан Қўқон воқеалари уни сиёсатдан четлашга мажбур этди. 1919 йилда у навбатдаги ҳаж сафарига отланмоқчи эди. 1919 йил февралида Тошкентга бориб келгач, Самарқандда ўқитувчиларни чақириб, Тошкентдаги таълим аҳволи ва янги мактаб дастури билан уларни таништирмоқчи бўлади.
Лекин унинг ўзи мажлисга кела олмайди. Садриддин Айнийнинг сўзларига қараганда, у мазкур учрашувдан 2-3 кун кейин ҳаж сафарига отланган. 1919 йил 25 мартда Бухоро амирлиги чегарасини босиб ўтган ва Шаҳрисабзга келган. Шу ерда уни амир одамлари ушлаб олиб, Қаршига жўнатади ва қатл қилади.
Унинг ўлимини большевиклар билан боғлаб кўрсатадиган бирор далил, факт ёки ҳужжат йўқлиги учун ҳам турли-туман гумонлар, шубҳали фикрлар мавжуд. Беҳбудий бошчилик қилган “Самарқанд” газетасида ва кейинчалик “Ойина” журналида Бухоро амирлиги қаттиқ танқид остига олинган эди.
Беҳбудий номи ўн йилдан ортиқ расмий тарзда халқ қаҳрамони сифатида тилга олинди. Қарши шаҳри, Тошкент, Самарқанд кўчалари Беҳбудий номи билан атаб келинди. Дўстлари унинг тўла асарларини чоп этмоқчи бўлди. Вафотидан сўнгги дастлабки йиллари у ҳақда кўплаб мақола чиқди. Аммо жадидчилик тоталитар тузум домига тушиб, абгор бўлгандан сўнг Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг номи камроқ тилга олина бошлади ва аста-секин унутила борди, унга буржуа миллатчилик ҳаракати йўлбошчиси тамғасини ёпиштирдилар.
Беҳбудий ҳазратлари ўз ишининг фидойиси эди. У жон бера туриб, ўлим талвасасида ўз халқига маънавий васият қолдиришга муваффақ бўлди. Дўстларига маориф, маданият, фанни ривожлантириш ва тараққиётга хизмат этишни васият қилди.
Беҳбудий васиятида: “Туркистон болаларини илмсиз қўйманглар. Сизларга васият қиламан! Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатинглар”, деган эди. Бугунги авлод халқимиз маърифати йўлида у белгилаган чўққилар сари интилиб, она Ватан саодатига тинмай хизмат қилиши, маърифатпарвар бобомиз орзуларини рўёбга чиқариш йўлида изланиши, билим олиши шарт.
Бугунги кунда улуғ аллома фаолияти давлатимиз ва Президентимиз томонидан юқори баҳоланиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий сафдошлари Мунавварқори ва Абдулла Авлоний қаторида “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Дилором АЛИМОВА,
тарих фанлари доктори, профессор.