Миллат эҳтиёжига бахшида умр (2-қисм)
Ватан қайғусида: Беҳбудий ва сиёсий жараёнлар
Вақт ўтиши билан содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тадқиқ этган Беҳбудийнинг сиёсатшунослик ва маданиятшуносликка оид асарлари ҳам тарихий аҳамиятга молик бўла борди. Бу ерда Туркистонда миллий давлат қурилиши муаммолари муҳим ўрин эгаллайди. Туркистоннинг сиёсий аҳволига ва тузилишига Беҳбудий қандай муносабатда бўлган?
У ўз халқи тараққиётини нафақат маърифатда, балки унинг сиёсий мақомининг кескин ўзгаришида, ўз мустақиллигини қўлга киритишда, деб билади. Кўплаб мақолалари ва сиёсий-ижтимоий фаолиятида у Россия империяси ва вақтли ҳукуматнинг мустамлакачилик сиёсатини фош қилади, мавжуд тузум қонунларини танқид остига олади.
Беҳбудийнинг имони комилки, “Ҳақ олинур, берилмас!”. У мақоласига шундай сарлавҳа қўяди, “Баёни ҳақиқат” мақоласида ҳам юқоридаги сўзларни таъкидлайди. “Тарихдан яхши маълумки, — деб ёзади Беҳбудий. — Ҳақ олинур, берилмайдур. Ҳар миллат ва мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи, дини ва сиёсатини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади... Биз, мусулмонлар, хусусан, Туркистон мусулмонлари, истаймизки, ҳеч бир киши бизнинг дин ва миллатимизга зулм, таҳдид қилмасун ва бизни ҳам бошқаларга таҳдид қилмоққа асло фикр ва ниятимиз йўқ”.
Беҳбудий кўпчилик жадидлар сингари мустамлакачиликка қарши қонсиз кураш тарафдори бўлиб, ҳар қандай инқилобга қарши эди. У доимо диққат билан дума ишини кузатар, парламент кураши орқали кўп нарсага эришса бўлади, деб ҳисобларди. У мухториятнинг ашаддий тарафдори бўлишига қарамай, тараққиётга эришишнинг тадрижий аста-секинлик билан амалга ошувчи усулларини ёқлаб чиққан эди.
“Агарда биз, Туркистон мусулмонлари хоҳласакки, дин ва миллатимизни... иттифоқ этиб, бугундан ислоҳотга, иттифоққа қадам қўйсалар... зиёли ва тараққийпарварларимиз, бой ва уламомиз бирлашиб, дин ва миллат, ватан ривожи учун хизмат этсак... Ўзимиздан бора-бора тадрижий суръатда аскарларимиз бўлинсин. Ул миллий аскарларимизнинг вазифасини, қиёфат ва шаклини, либос ва тарзи маишатини ўзимиз тайин қилурмиз. Мана, бизнинг олдимизда энг катта ишлар турибдур...”, дейди у.
Шарқшунос Лазиз Азиззода “У ҳар вақт ўз мақолаларида чор ҳукуматини танқид қилар, баъзан очиқ, баъзан яширин ташвиқотлар қилар ва айни замонда Бухоро амирлигига ҳам ҳужум қилар эди”, деб таъкидлаган.
Мустақилликка эришиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири, Беҳбудийнинг фикрича, ёшлар ва кекса авлод вакилларининг бирлашуви даркор. Ёш авлод ўзидаги шошқалоқлик иллатидан қутулиб, масалаларни ҳал қилишда илмий асосларга суяниб иш кўриши ва мустаҳкам ирода намоён этиши керак.
1917 йил баҳори Туркистон ўлкаси мусулмон аҳли сиёсий жиҳатдан уйғонди, бу масалада бурилиш ҳолати ясалдики, кучаяётган демократик жараёнларга бош-қош бўлиш истагини баён этган янги кучлар сиёсий саҳнага чиқди. Янги туғилаётган миллий демократик кучларнинг ядроси, яъни маркази сифатида ўз фаолиятида раҳбарлик мавқеига тайёргарлик кўриб келган жадидлар майдонга чиқди.
Маҳаллий халқларнинг мустақиллик ва тараққиёт йўлида ўз ғояларини ўлкада шонли ва зафарли демократик инқилоб билан боғлаган жадидлар ҳаётга ўзлари эълон қилган принципларни татбиқ қилиш бўйича фаол ҳаракат бошлади. Тобора кенгайиб бораётган демократик жараёнларда маҳаллий аҳолининг сиёсий манфаатларини устувор ҳимоя этиш масаласи 1917 йил февраль воқеаларидан сўнг жадидларнинг сиёсий саҳнадаги фаолияти асосий йўналишига айланди. Туркистонда бу ғояларнинг бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий турар эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон парламентида фақат рус тилидагина гапириш катта хато бўлур эди, деб ҳисобларди. Туркий ва рус тиллари тенг ҳуқуқга эга бўлиши керак, албатта, бу нарса эртами-кечми амалга ошади, деб ишонарди. 1917 йил 9-16 апрель кунлари бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси ижроия қўмиталари қурултойида сўзга чиққан Беҳбудий Аҳмад Заки Валидий билан ҳамкорликда маҳаллий халқнинг сайланадиган органларга тенг ҳуқуқли асосларда қатнашувини ёқлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий жадидлар орасида катта обрўга эга бўлган. Унинг ишонтира билиш хислати сафдошларига гумон-шубҳа ва қийинчиликларни енгиб ўтишда ёрдам берар эди.
Аҳмад Заки Валидийнинг гувоҳлик беришича, Беҳбудий жадидчиликнинг кенг миллий ҳаракатга айланишига ишонган. Беҳбудий фаолиятида миллий манфаатлар устувор аҳамиятга эга бўлишига қарамай, унинг ўзи миллий ҳаракат ғояси атрофида барча сиёсий кучларнинг бирлашуви тарафдори эди. У большевикларга ёт кўз билан қараб келган ва уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлган. Чунончи, Беҳбудий ўша пайтда мавжуд бўлган барча фирқаларни жуда яхши билар эди. 1906 йили у ўзининг “Хайр ул-умури авсатухо” (“Ҳамма нарсанинг ўртамиёнаси дуруст”) мақоласида тўртта фирқага, жумладан, большевиклар фирқасига ҳам баҳо бериб ўтганди. У социал-демократик фирқа ва унинг дастурига салбий баҳо бериб, уни утопия деб баҳолаган. У 1918 йил ноябрда миллий зиёлилар томонидан ташкил этилган Туркистон мухториятини олқишлаб қабул қилган ва катта ёрдам берган.
Дилором АЛИМОВА,
тарих фанлари доктори, профессор.
Давоми бор.