Миллий ҳамда халқаро сертификатлар асосида кимларга максимал балл берилади?
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 13 майда “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор ўзида чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган абитуриентларни қўллаб-қувватлаш ва 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш, шунингдек, кириш синовларида белгиланган имтиёзларни (миллий ёки халқаро сертификатлар асосида имтиҳонларсиз максимал балл берилишини) акс эттирган.
Биринчидан, 2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари Б2 ва ундан юқори даража белгиланди.
Иккинчидан, 2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилмаган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари Б1 ва ундан юқори даража белгиланди.
Учинчидан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча (асосий ёки асосий бўлмаган фан эканлигидан қатъи назар) бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари Б2 ва ундан юқори даража татбиқ этилади.
Тўртинчидан, Тошкент давлат юридик университети учун алоҳида сертификат даражаси бўйича тартиб белгиланди.
Бешинчидан, 2019 йилга қадар Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи ушбу сертификатларнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолинди.
Олтинчидан, мазкур қарор иловасига кўра, сертификат синовлар якунлари бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 2 йил муддатга берилади.
Н.ЭШОНҚУЛОВ,
Давлат тест марказининг
вилоят бўлими бошлиғи.