Янги фармон: Миллий суд тизимида янги давр бошланди

Жамиятда инсонлар ўзаро ижтимоий ва бошқа муносабатларга кирар экан, низоли масалаларга дуч келиши табиий. Бундай масалаларнинг адолатли ечими учун эса холис бир шахс, холис бир масканга зарурат туғилади. Суд-ҳуқуқ тизими айнан ана шу вазифага, яъни жамиятда қонун устуворлиги, адолат барқарорлиги учун масъул ҳисобланади.

Бинобарин, ҳар бир давлатнинг қудрати, аввало, унда барча итоат этадиган тартиб-интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.

Айниқса, жамият ҳар жиҳатдан тез ўзгараётган, ривожланаётган бир даврда, хусусан, рақамли технологиялар ҳаётимизга изчил ва шиддат билан кириб келаётган шароитда бу вазифа олдимизга янги талабларни қўймоқда.

Шуни айтиш керакки, рақамлаштириш суд соҳасида ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Судлов ишларини юргизиш самарадорлиги ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этила бошланди. Бу йўналишдаги ишлар ўз самарасини бериб, одамларнинг оворагарчилиги кескин камайди, судья ва суд ходимларининг ишлари осонлашиб, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатгани ҳам бор гап.

Видеоконференцалоқа тизими биринчи навбатда фуқароларимизга жуда катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини берди. Яъни, иш бўйича тарафлар турли манзиллардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин. Бу аҳолининг жуда катта сарсонгарчилигининг олдини олди, вақти ва маблағини тежашга ёрдам берди.

Барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш эса судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, энг мақбул сиёсат, бу ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдир. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев демократик ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига оид тақдимот билан танишди ва соҳага оид иккита муҳим Фармонга имзо чекди.

Улардан бири “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармондир. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифа ва қоидалар миллий суд тизимимизда мутлақо янги давр бошланаётганидан дарак беради.

Сунъий интеллект технологиялари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам мисли кўрилмаган янгилик саналади. Бу усулдан одил судловда фойдаланиш ривожланган давлатлардагина йўлга қўйилган тажриба эканини ҳисобга олсак, уни мамлакатимиз учун улкан сиёсий ирода сифатида баҳолаш мумкин.

Фармон билан танишиб, унинг кенг қамровли эканлигига амин бўлдим. Ҳужжатдаги вазифалар аниқ белгиланган, ҳатто уларни амалга ошириш механизмлари ҳам равшан кўрсатиб берилган.

Давлат раҳбарининг янги фармонига кўра, судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Адлия ва суд органларида кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаганлигим туфайли суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий техникасини таъминлаш масаласининг қанчалик муҳим, маблағталаб ва оғир масала эканлигини яхши биламан.

Яшириб нима қиламиз, эски тизимда суд органлари келажакда тугаб кетади, деган абсурд тушунча ҳам бор эди. Шунинг учун суд органлари таъминотига деярли эътибор ҳам, маблағ ҳам ажратилмасди, ажратилгани ҳам ўз вақтида берилмасди. Судлар эски, мослаштирилган биноларда фаолият юритарди. Шу сабабли ҳам фармонда янги суд биноларини қуриш, борларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга Президентимиз алоҳида эътибор қаратгани мени жуда тўлқинлантирди. Негаки, бундай эътибор судлар учун илк бор кўрсатилмоқда.

Судьялар учун хизмат уйларини харид қилиш ва таъмирлаш масаласи ҳам фармонда ўз аксини топганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бошқа вилоят ёки туманга бориб ишлаётган судьялар аҳолидан хонадонларни ижарага олиб яшарди. Шу боис, кўпчилиги оиласини кўчириб олиб келолмасди. Бу ҳам қанча оворагарчиликка сабаб бўларди. Судьянинг ҳар бир оворагарчилиги эса, табиийки, унинг иш сифатига таъсир қиларди.

Яна бир муҳим масала, суд тизими учун кадрлар тайёрлашнинг тубдан такомиллаштирилишидир. Ўз касбини ардоқловчи, билимли, тажрибали, фидойи ва садоқатли кадрлар ҳар қандай соҳада ҳам муваффақият гаровидир. Хусусан, одил судловни таъминлашга худди шундай кадрлар жуда зарур.

Тўғри, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар корпуси ҳақида илиқ фикрлар билдириш мумкин. Лекин жуда кўп натижаларга зўриқиш орқали эришиляпти. Айтмоқчиманки, соҳани янада ривожлантириш, такомиллаштириш орқали суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Президентимизнинг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан ана шу масалалар ечимига қаратилган.

Фармонга кўра, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилади. Суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш Фармоннинг асосий мақсадидир.

Судьялар олий мактаби негизида Академия ташкил этилишини катта ва муҳим янгилик, деб ҳисоблайман. Академия Судьялар олий кенгаши ҳузурида фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлган иктисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ректор тайинланиши ўқув муассасасининг юксак нуфузини таъминлайди.

Бу ерда малакали профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилади. Ўқув ишлари билан бирга илмий-тадқиқотлар олиб борилади. Хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга бутунлай янгича ёндашув белгиланди.

Айниқса, судьялик лавозимларига номзодлар, судья ва суд аппарати ходимларида замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, юқоридаги фармоннинг ижросини талаб даражасида таъминлаш учун, аввало, судья ва суд ходимлари зарур кўникмаларга эга бўлиши лозим.

Академияда таълим жараёни “Устоз-шогирд” анъанаси асосида йўлга қўйилиши менга жуда маъқул бўлди. Устоз-шогирдлик масалаласи ҳар қандай замон ва маконда ўзини тўла оқлаган. Устоз отангдек улуғ, деган ибора бежиз айтилмаган, ахир. Ота фарзандни дунёга келтирса, устоз муайян касб маҳоратини шакллантиради, унинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беради. Устоз кўрган шогирдлар ўз касбини тезроқ, осонроқ ва теранроқ ўрганади, нисбатан камроқ хато қилади. Шу ўринда, Академияга ишга жалб этилган судьяларнинг ишлаган вақти судьялик стажига қўшилишини оқилона ечим деб биламан.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилиши, қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилиши ўта жиддий жараён бўлиши билан адолатли усул ҳамдир.

Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини ошириш тартиби жорий этилади. Бу тартиб мукаммал ишлаб чиқилганлиги эътиборга молик.

Шу билан бирга, фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар навбатдан ташқари малака ошириши, Олий суд томонидан белгиланадиган мураккаб тоифадаги ишлар бўйича малака ошириш курслари ташкил этилиши, туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларнинг раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилишини алоҳида қайд этиш лозим.

Комил ишонч билан айта оламанки, бу икки Фармон мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги даврини бошлаб беради. Президентимизнинг соҳага катта эътибор бераётганлиги бу фармонлар ижроси учун талаб этиладиган меҳнат ва катта маблағлар ижросида кафолат бўлишига ва унинг натижалари тезда кўзга ташланишига ишонаман.

Тизимнинг оғир синовли даврларининг гувоҳи сифатида соҳага бундай катта эътибор учун ҳамкасблар номидан давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.

Алишер МАРДИЕВ,
I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.