Минг доллар ойлик оладиган ўқитувчилар Қўшработда ҳам бор
Аввал газетамиз саҳифалари ва Zarnews.uz сайтига минг доллар миқдорида маош оладиган ўқитувчилар ҳақида мақола ҳамда видеолавҳалар жойлаштирилганлигидан хабарингиз бўлса керак. Қаҳрамонларимиз бошқа ҳудудлардан келиб, вилоятимизнинг олис қишлоқларида фаолият юритаётган устозлар бўлган. Бу гал ўзи туғилиб ўсган Қўшработдаги таълим муассасаларидан бирида фаолият олиб бораётган ва муаллим минг доллар маош олиши мумкинлигини исботлаган Зулхумор Имомова ҳамда унинг касбдошлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
- Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар минг доллар ойлик олиши мумкинлиги ҳақида гапирганларида кўпчилик бунга ишонмаганди, - дейди у. – Агар оддий муаллим ҳам ўз устида ишлаб, сидқидилдан меҳнат қилса, маоши ундан-да кўпроқ бўлиши мумкин экан. Бунинг учун ўқитувчи ўзини озгина қийнаши, шижоатли бўлиши, сидқидилдан меҳнат қилиши зарур.
Зулхумор Имомова туманнинг Заркент маҳалласидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида 13 йилдан бери инглиз тили фанидан дарс бериб келади.
- Шу йиллар давомида бу касбнинг машаққатларини сабр билан енгиб ўтишга, шодликларини кўтаринкилик билан қарши олишга ҳаракат қилдим, - дейди муаллима. – Мана, кейинги йилларда бу ўз самарасини бера бошлади. 5 йилдан бери ўқувчиларим фан олимпиадасида туманда биринчиликни қўлдан бермай келяпти. Ўтган ўқув йилида мактабни тугатиб, талаба бўлган битирувчиларнинг 15 нафари менинг шогирдларим. Уларнинг 5 нафари миллий ва халқаро сертификатларга эга. Ана шундай ютуқларим сабаб яқинда “Вазир жамғармаси”дан бериладиган устама учун ўтказилган танловга менинг номзодим қўйилди ва суҳбатдан ўтиб келдим. Бундан ташқари, ойлигимга синф раҳбари ва олий тоифали ўқитувчи бўлганим учун устамалар бериляпти. Бунинг натижасида 13 миллион сўмга яқин маош оляпман.
Мактаб нуфузининг ошиши ўқувчиларнинг эришган ютуқлари билан боғлиқ. Бунда эса ўқитувчиларнинг ўрни алоҳида.
- Бир-икки киши билан кўзланган натижага эришиб бўлмайди, - дейди Зулхумор Имомова. - Бу йўлда жамоа бирлашиши керак. Кейинги йилларда мактабимизда ана шундай бирдамлик кўзга ташлана бошлади. Ҳамкасбларим билан бир ёқадан бош чиқариб, болаларга дўстона муносабатда бўлиб, таълим-тарбия бериб келишимиз яхши натижа беряпти. Ўқувчиларнинг кўнглига йўл топишимиз уларнинг қайси касб эгаси бўлишни истаётганини вақтида аниқлашга ва қизиққан фанлари бўйича қўшимча тўгаракларга жалб қилишга эришяпмиз. Масалан, мен инглиз тилини чуқур ўргатганим билан ўқувчи она тили ва адабиёт, тарих ёки математика фанларини ўзлаштирмаса, мақсадига эришолмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам бошқа ўқитувчилар билан ҳамкорликда ишлаймиз.
- Шу мактабда 4 йилдан бери фаолият юритиб келяпман, - дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Навбаҳор Қодирова. – Ўқитувчиликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо шогирдлар катта-кичик ютуқларга эришса, қийинчиликлар, чарчоқлар унутилар экан. Ўтган ўқув йилида мактабимизни тамомлаган битирувчиларимизнинг 67 фоизи олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинишида, 5 нафар ўқувчининг миллий сертификатга эга бўлишида ҳамкасбларим қатори менинг ҳам ҳиссам борлигидан хурсандман.
670 ўринга мўлжалланган таълим муассасасида 1311 ўқувчига 91 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.
– Уларнинг 20 нафари олий тоифали ўқитувчилардир, - дейди мактаб директори Ўктам Бўриев. - Зулхумор Имомова, Навбаҳор Қодирова каби фидойи устозларимиз талайгина. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан битирувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи йилдан йилга ортиб боряпти.
Дарҳақиқат, 2020-2021 ўқув йилида мактабни тамомлаган 20 нафар ёшнинг бор-йўғи 4 нафари талаба бўлган. 2021-2022 ўқув-йилида 56 нафар битирувчининг 17 нафари, 2022-2023 ўқув йилида эса 34 нафар йигит-қизнинг 23 нафари олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Мактаб жамоаси, жонкуяр устозлар келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиш йўлида меҳнат қилмоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).