Мирзо Улуғбек кўчасидаги ахборот стенди, эълонлар доскаси ва давлат тилига мос келмайдиган ёзувлар, баннерлар олиб ташланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг 2020 йил 14 мартдаги 30/3-3425-сонли хатининг ижросини таъминлаш мақсадида ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ўрнатилган ва ҳар хил турдаги реклама қурилмаларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш бўйича вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида ноқонуний тартибда йўлнинг қатнов қисмида жойлашган аҳоли турар жой биноларининг ташқи қисмида (балкон, лоджия, дераза, эшик ва бошқа тарафига), дарахтларда жойлаштирилган ҳар қандай турдаги ахборот конструкцияси (ахборот стенди, эълонлар доскаси)  ва давлат тилига мос келмайдиган ёзувлар, баннерлар олиб ташланди.

Тадбир ўтказилган ҳудудда том усти конструкция, видео экран ўрнатган тадбиркорларга, бинонинг юзасига ўрнатилган реклама эгаларига қарор талабларига мослаштирилган ҳолда ваколатли орган ҳисобланган шаҳар ҳокимлиги орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда тегишли ҳужжати йўқ ҳар хил турдаги реклама жойлаштирган тадбиркорларга белгиланган муддатларда реклама воситаларининг демонтаж қилиниши лозимлиги бўйича кўрсатма ва огоҳлантиришлар берилди.

Шунингдек, кўчаларда йўл ҳаракатини ташкил этиш учун мўлжалланган ҳар қандай қурилмаларда, тунги кўча ёритиш устунларида, йўл белгилари ва светофорларда, уларнинг устунларида қарорга зид равишда ўрнатилган LED мониторларини қарорга мувофиқлаштириш юзасидан хат берилди.

Бундан ташқари, тадбиркорларга кўрсаткичлар кўринишидаги реклама воситаларини ўрнатиш тартиби, яъни ахборот кўрсаткичларининг ўлчами 3 квадрат метр ва узунлиги 2 метрдан ортиқ бўлмаслиги ҳамда реклама кўрсаткичларини ўрнатиш мажбурий тартибда кўрсаткичнинг техникавий паспорти расмийлаштирилиб, Давлат хизматлари марказларида реклама жойи паспорти олингандан сўнг амалга оширилиши тўғрисида кўрсатмалар берилди.

А.ХУДОЙҚУЛОВ,

Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.