Самарқандда депутатлар давлат тили меъёр ва нормаларига нечоғлик амал қилинаётганини муҳокама қилди

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида жамоат жойлари, оммавий ахборот ҳамда реклама воситаларида ўзбек тили меъёр ва қоидаларига амал қилиш ҳолати тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд қилинганидек, “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан мониторинг қилинганда бу борада қатор муаммолар борлиги аниқланган.

Хусусан, бозор муносабатларининг кенг таркиб топаётгани, замонавий техник маҳсулотларга эҳтиёжнинг ортиб бораётгани боис “европалашган” (ажнабий) тижорат лексикони шиддат билан кириб келмоқда. Бу жараён айниқса, савдо вакиллари ва реклама хизматлари кўрсатувчилар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шу боис, Самарқанд шаҳридаги савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарини хорижий атамалар билан номлаш, миллий маънавиятимизга тўғри келмайдиган турли суратларни ёпиштириш ва имловий хатолар билан ёзилган пешлавҳа ва бошқалар кўпайиб бормоқда.

Бу каби ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилиши ҳолатларини давлат ва хусусий корхоналар, ташкилотлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари пештоқларида, транспорт воситаларида ҳам учратиш мумкин.

Сессияда Самарқанд шаҳрида “Реклама тўғрисида”ги, “Давлат тили тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Болалар ва уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишлар мониторингини янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш.Эшонқулов, шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Эргашевларга:

- шаҳар ҳудудида жойлашган умумтаълим ва мактабгача таълим  ташкилотларида ўзбек тили имло қоидаларига амал қилиниши ҳолатини мунтазам ўрганиб бориш, назорат қилиш ва ходимлар орасида иш вақтида давлат тилида сўзлашишига эришиш;

- шаҳардаги таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва мактабгача таълим ташкилотлари мудираларининг таълим муассасаси ҳудудидаги ташқи рекламаларга шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш;

- бу борада сусташликка йўл қўйган таълим муассасалари раҳбарлари билан мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш;

- шаҳар ҳудудида жойлашган соғлиқни сақлаш муассасалари, марказий шифохона, кўп тармоқли поликлиника, оилавий поликлиникаларда расмийлаштириладиган ҳужжатлар, тиббий маълумотномаларда ўзбек тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, масъул раҳбарларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш вазифалари юклатилди.

Сессияда шунингдек, шаҳар ҳудудида давлат тили меъёр ва нормаларига амал қилинишини таъминлаш бўйича бошқа зарур чоралар белгиланди.