Мисрда мўъжизавий Сфинкслар хиёбони очилди

Гала-концерт, катта шоу ва ранг-баранг салют. Мисрда, кўп йиллик реставрациядан сўнг, Карнак ва Луксор ибодатхоналари орасида қадимги 1200 та сфинкс қад ростлаган хиёбоннинг очилиши ана шундай мўъжизавий ва ҳайратланарли ўтди.

Олимларнинг фикрича, узунлиги 2700 метр бўлган хиёбон асосан фиръавнларнинг 18-сулоласи ҳукмронлиги даврида (милоддан аввалги XVI аср атрофида) қурилган. Бир вақтлар у тантанали юришлар учун жой бўлиб хизмат қилган. Хиёбон эрамиздан аввалги IV асрда ўзининг тайёр шаклига эга бўлган.

Вақт ўтиши билан кўплаб ҳайкаллар шикастланган ёки қум остида ғойиб бўлган. Қадимги меъморлик ёдгорлигини қайта тиклаш ўтган асрнинг 40-йилларида бошланган. Кейин ҳайкалларнинг бир қисми топилиб, қайта тикланди. Кенг кўламли ишлар 2010 йилда бошланган эди.

Ўн бир йил ўтгач, Сфинкслар хиёбони ўзининг асл тарихий қиёфасини тиклади. Миср расмийлари ушбу тарихий мажмуанинг очилиши мамлакатга янада кўпроқ сайёҳларни жалб этишига умид қилмоқда.