Моно ип ва дўлга қарши ҳимоя тўри Жомбойда ишлаб чиқарилмоқда

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестицион муҳитнинг яхшиланиб бораётгани ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш билан бирга аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш имкониятини ҳам бермоқда.

Дарҳақиқат, бугун саноат соҳасига истиқболли лойиҳаларни татбиқ этмасдан туриб, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, уларнинг сифатини яхшилаш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш қийин. Шу боис кейинги йилларда Жомбой туманида ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш эвазига янги турдаги, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Аниқ рақамларга эътиборимизни қаратсак, Жомбой туманида жорий йилнинг январь-май ойларида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари томонидан 722,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 67,9 фоизни ташкил этди. 163,8 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, 2019 йилнинг январь-май ойига нисбатан 87,9 фоизга етди.

Йирик компаниялар иқтисодиёт локомотиви

Жомбой туманида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари “B-MAX PLASTIC-GROUP” компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар мисолида кўзга ташланади. Компания қошида  қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган масъулияти чекланган жамият шаклидаги 5 та корхона фаолият олиб боради.

“B-MAX BUILDING MATERIALS” масъулияти чекланган жамиятида мармар тошдан 20 турдаги маҳсулот тайёрланади. Айни пайтда мазкур корхонада қурилиш саноати учун зарур бўлган гипсли қоришмалар, керамик плиталар учун елимлар ҳамда турли маркадаги кукунли микрокалцитлар ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, бугунги тараққиёт даврида ички бозорда мазкур турдаги маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Корхона цехларида бир ойда 3 ярим минг тонна қуруқ гипс асосли аралашмалар, 4 минг тонна г5, г7 маркадаги гипслар ҳамда 4 минг тонна микрокалцитлар тайёрланаётгани унинг ишлаб чиқариш қуввати нечоғлик юқори эканини билдиради.

Бу ерга хорижий давлатлардан сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари ҳамда тош майдалаш ускуналари келтирилган. Тайёрланган маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга чиқарилади. Шунингдек, яқин қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.

- Корхонамизнинг йирик учта цехида тайёрланаётган маҳсулотлар замонавий технологиялар ёрдамида тайёрланади, - дейди “B-MAX BUILDING MATERIALS” масъулияти чекланган жамияти директори Нодир Мавлонбердиев. - Цехларга Туркия, Германия давлатларининг замонавий, энерготежамкор ускунлари ўрнатилганлиги маҳсулот сифатига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказяпти. Қувонарлиси, ушбу технологияларни қишлоқ ёшлари бошқармоқда.

Бундан ташқари, ушбу маҳсулотлардан компания қошидаги бошқа корхоналарда хом ашё сифатида фойдаланади. Масалан, бу ерда тошдан олинган маҳсулотлардан бири бўёқ учун хом ашёдир. Бугунги шиддатли давр ҳар биримиздан изланишни, янгиликларга интилиб ишлашимизни тақозо этади. Албатта, тадбиркорлик суъбектларининг ҳар томонлама қуллаб-қувватланаётгани, берилаётган имтиёз ва имкониятлар, енгилликлар уларни янги-янги манзиллар сари етакламоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда, корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида лак-буёқ ишлаб чиқариш қувватига ҳам асос солинган. “B-MAX PAINTS” корхонасида ана шу бўёқлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда 60 нафарга яқин ёшлар меҳнат қилмоқда.

- 2019 йил апрель ойидан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқара бошлаганмиз, - дейди корхона бош директори Маъруф Рўзиев. - Хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуналар ёрдамида сув ва алкит смоласи асосида 60 турдаги бўёқ тайёрлаяпмиз. Асосий хом ашёлардан бири алкит смоласи ҳам ўзимизнинг корхонада ишлаб чиқарилмоқда.

“B-MAX GRANULA” масъулияти чекланган жамиятида эса полимер саноати учун зарур бўладиган хом ашёларнинг қўшимча компонентлари тайёрланмоқда. 15 турдаги ана шундай компонентлар бугунги кунда елим қоп ва пакетлар, полимер қувурлар, қадоқлаш жиҳозлари ишлаб чиқаришда ниҳоятда зарур ашё саналади. 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхонада яқинда 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги янги лойиҳа ишга туширилиб, лак-буёқ маҳсулотлари учун зарур бўладиган қадоқлаш идишлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилди. Аҳамиятлиси, ушбу идишлар корхона цехларида рангланиб, мижозлар талаби асосида тайёрланиб етказиб берилмоқда.

- Тайванд давлатидан олиб келиб ўрнатилган замонавий ускуналар ёрдамида бу ерда ойига 60 минг дона қадоқлаш идишлари ишлаб чиқарилмоқда, - дейди  корхона директори ўринбосари Наврўз Жалолов. -Замонавий ускуналар эса тежамкорлиги, иш самарадорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Муҳими, янги цех иш бошлаши билан ўнга яқин қўшимча иш ўринлари яратилди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётган ушбу корхоналар тармоғи тизимида қиймати 23 миллиард сўм бўлган Самарқанд экспормарказининг ҳам қурилиш ишлари жадал суъратларда давом этмоқда. Жорий йилнинг охирида ишга тушиши кутилаётган мазкур марказ бемалол вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш имконини беради.

Кичик саноат зоналари иқтисодиёт ривожининг кафолати

Ҳудудларда бўш турган ва самарасиз фойдаланиб келинаётган бино ва иншоотлар ўрнида тадбиркорликни ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида саноат зоналарининг ташкил қилинаётгани ҳудудлар инфратузилмаси ва иқтисодиётини барқарорлаштиришга замин яратмоқда. Шу мақсадда Жомбой туманидаги бўш турган бино ўрнида кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, 5,3 гектар ер майдони “MAROQAND MEVA-SABZAVOT” маъсулияти чекланган жамиятига “Интенсив боғдорчилик жиҳозлари ва мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш идишлари ишлаб чиқариш лойиҳаси”ни амалга ошириш учун  ажратиб берилди. Ушбу ҳудудда, жами 5,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритиш эвазига 8 та лойиҳани ишга тушириш ва унинг негизида 170 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

- Бугунги кунда ҳудудда 3 та лордда асбоб ускуналар ва хом ашё харид қилиш ҳамда қурилиш монтаж ишларига жами 4,7 миллион АҚШ долларилик инвестициялар киритилди, - дейди “MAROQAND MEVA-SABZAVOT” маъсулияти чекланган жамияти директори Шуҳрат Жалолов. - Бунинг натижасида 7 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Улар негизида 146 та янги иш ўринлари ташкил қилинди.

Кичик саноат зонасида иш бошлаган янги цехда Туркия давлатидан бетон устунлар ишлаб чиқарилишида фойдаланиладиган диаметри 5 миллиметр бўлган сим ишлаб чиқариш ҳамда боғ атрофини ўраш учун темир панжаралар ишлаб чиқариш ускунаси келтирилиб, тўлиқ ишга туширилди. Натижада, қўшимча 18 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Бундан ташқари, қиймати 753 минг АҚШ доллари бўлган 4 та лойиҳа асосида интенсив боғдорчилик учун пластмасса жиҳозлар, томчилаб суғориш тизимларининг жиҳозлари, пластмасса идишлар ҳамда сим канатлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилди. Шулар асосида 24 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган яна бир лойиҳанинг ишга туширилиши эвазига моно ип ҳамда дулга қарши ҳимоя турлари ишлаб чиқарила бошланди. Бу билан 60 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлишди.

Кичик саноат зонасининг кейинги босқичида 780 минг Еврога тенг бўлган лойиҳага кўра, Италиядан келтирилган ускуналар ёрдамида суткасига 1800 дона бетон устунлар, яъни шпалерлар тайёрлаш қуввати ишга тушиш арафасида. Жомбой туманида ташкил қилинган кичик саноат зонасидаги лойиҳаларни жойлаштириш бинолари ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб барпо қилинмоқда. Яъни, ишлаб чиқариш қувватлари енгил конструкцияли, арзон ва сифатли қурилиш материаллари ёрдамида қурилган биноларга жойлаштирилмоқда. Умуман олганда туманда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш, кичик саноат зоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш, бунинг эвазига эса ички ва ташқи бозорни сифатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш имконини бермоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ.