МТМ: Нуробод қамрови энг паст туман. Нега?
Нуробод туманига боргач, бу саволга жавоб топгандек бўлдик. Туман асосан дашт ҳудудидан ташкил топгани учун қишлоқлар тарқоқ жойлашган. Аёлларнинг аксарияти уй бекаси. Айрим қишлоқлар туман марказидан 70-80 километр олисда. Чекка қишлоқларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмаган. Деҳқончилик билан асосан тоғолди ва туман марказидаги ҳудудлар аҳолиси шуғулланади. Аммо бу каби муаммолар фарзандларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишига тўсиқ бўлмаслиги керак.
- Бугунги кунда туманда 9 та давлат мактабгача таълим муассасалари фаолият юритиб, уларга 1240 нафар бола қамраб олинган, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мудираси Дилобар Амирова. – Шунингдек, 2 та давлат-хусусий шериклик асосида, битта нодавлат ҳамда 48 та оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилган. Уларда тумандаги 13 минг 888 нафар боланинг 2 минг 238 нафари, яъни 16 фоизи таълим-тарбия олмоқда. Икки йил олдинги рақамлар билан таққослайдиган бўлсак, болаларнинг боғчаларга қамрови уч баробарга ошди. Жумладан, 2017 йилда 5 та боғча фаолият юритиб, 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг 4,6 фоизи боғчага қатнарди. Муассасаларнинг аксарияти 20-25 нафар бола билан ишлаган. Ота-оналарнинг ҳам боғчаларга эътибори суст эди. Бугун эса муносабат ўзгарган.
Ота-оналар нимадан норози?
Мактабгача таълим бўлимига борганимизда ўнлаб ота-оналарнинг йўлланма олиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилганлигига гувоҳи бўлдик.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, боғчага фарзандини жойлаштириш билан боғлиқ жараёнлар фақатгина давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилади. Ота-оналар эса йиллаб навбат кутаётганини айтишди. Хўш, муаммо нимада?
- Муаммо боғчаларимизнинг камлигида, - дейди Д.Амирова. – Агар мавжуд имкониятларимизни таҳлил қиладиган бўлсак, туманимиздаги ҳар 12 боланинг биттаси боғчага бориш имкониятига эга. Жорий йил 250 нафар тарбияланувчи мактабга боради. Аммо давлат хизматлари маркази орқали боғчаларимизга юзлаб ота-оналар навбатда турибди. Шунинг учун биринчи навбатда боғчалар сонини кўпайтиришимиз лозим. 2019 йил 11 январда Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда туманимизда иккита янги боғча очиш таклифини билдиргандик. Таклиф эътиборга олиниб, жорий йилги дастурга киритилди. Боғчаларнинг бири - 160 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси Саҳоба қишлоғида қурилади. Иккинчиси давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.
Шунингдек, бу йил Инвестиция дастури асосида Олға ва Ўртабўз қишлоқларида ҳам 160 ўринли мактабгача таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бу боғчалар Корея тажрибасига асосланган ҳолда ташкил этилмоқда. Йил якунигача 15 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 10 та оилавий боғчалар қурилиши билан яна 1460 нафар болажонларни боғчага қамраб олиш, кўрсаткични 26,6 фоизга етказиш режалаштирилган.
Болаларнинг боғчаларга қамрови Тим мисолида
Тим Нуробод тумани марказидан 70 километр олисдаги қишлоқ. Манзилгача Мусоқоқ, Тошқудуқ, Сепки қишлоқларидан ўтиб бордик. Йўл-йўлакай бирорта боғчага кўзимиз тушмади. Марказга 30 километр узоқликдаги Мусоқоқ қишлоғида яшовчи айрим ишловчи ота-оналар фарзандларини туман марказидаги боғчага олиб келишади, навбатда тургани ҳам анча. Ҳудудда 7 та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Мактабгача таълим муассасаси 2 тагина 50 ўриндан холос. Шунингдек, 50 нафар бола қисқа муддатли гуруҳларда таҳсил олади. Агар ҳар бир мактабда иккита 25 нафардан биринчи синф ташкил этилса, 350 нафар бола бир йилда мактабга боради. Уларнинг эса бор-йўғи 100 нафари боғчага бориши мумкин.
Боғчалардаги шароитлар билан танишдик. Айрим камчиликларни айтмаганда, кўзни қувнатади. Асосийси, болажонларнинг илмга ташналигини бурро-бурро шеърлар айтиб, инглизча санаётганидан билиш мумкин.
- Боғчамиз 2018 йил март ойида қайта қурилди, - дейди 3-МТМ мудираси Холниса Умрзоқова. – 50 ўринли боғчада қисқа гуруҳлар билан бирга 100 нафар бола таълим-тарбия оляпти. 250 нафар бола навбатда турибди. Аммо кўриб турганингиздек, асосий гуруҳ учун биттадан ётоқхона ва машғулотлар хонаси ажратилган. Гуруҳда 25 нафардан ортиқ болани қабул қилиш мумкин эмас. Ҳар куни ота-оналар фарзандини муассасага қабул қилиш учун мурожаат қилади. Яна қўшимча ўрин яратиш учун мавжуд хоналарни ихчамлаштирмоқчимиз. Яъни, ётоқхонадаги мебель жиҳозларини Корея услубида йиғиладиган ётоқ мебелларига алмаштирсак, битта хонадан ҳам машғулотлар хонаси, ҳам ётоқхона сифатида фойдаланиш имконияти яратилади ва яна 50 нафар болажон боғчага қатнай бошлайди.
Тўғри, боғчада ҳам муаммолар талайгина. Электр энергиясида тез-тез узилиш бўлиши, маҳсулотларнинг аксарияти олис ҳудуд бўлгани учун бир ойда, тез айнийдиганлари ҳафтада олиб келиниши, иссиқ кунларда маҳсулотнинг сақланиш меъёрлари бузилаётганидан кўз юмиб бўлайди.
Бунёдкор маҳалласидаги 1-сонли МТМда тарбиячининг ўрнига ҳамшира ишлаётгани, «меню»даги иккинчи овқатда берилиши лозим бўлган котлет, болаларнинг айтишича берилмаганига гувоҳ бўлдик.
Ташаббускор тадбиркорлар керак
Савол туғилади: туманда қамровни ошириш имконияти борми?
Бизнингча, туманда давлат-хусусий шерикликда ҳамда оилавий боғчаларни кўпайтириш эвазига қамровни ошириш имконияти мавжуд. Нодавлат боғчаларга болаларни ота-оналар бермаслиги мумкин. Чунки Нурбулоқ маҳалласида очилган 50 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида 16 нафар бола таълим олади. Яна айрим тадбиркорлар туман марказида очса-да, болаларнинг кам келганлиги учун давлат-хусусий шериклик шаклига ўтказилган. Ота-оналарнинг бадал пули ушбу ҳудудда 2023 йилгача 50 фоизлик чегирма асосида тўланади. Яъни, туман марказида ҳар бир бола учун 67 минг сўмни, оилавий боғчаларда 9 соат бўлгани учун 36 минг сўмни ташкил этади. Шунинг учун туманда давлат, оилавий ҳамда давлат-хусусий шерикликдаги боғчаларни очиш самарали натижа беради.
Шунингдек, ташаббускор тадбиркорлар мавжуд имкониятлардан фойдаланиб қўшимча тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиши, шунингдек, Корея давлати таълим тажрибасидан келиб чиқиб, хоналарни ихчамлаштириши муаммога ечим бўлиши мумкин.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.