Муаммоларга ўзимиз ҳам сабабчи, улар тизимли ҳал қилиниши керак

2022 йил 15 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда бугунги оғир вазиятда электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланишлар, ўғриликлар давом этаётгани, бунга жойлардаги раҳбарлар бефарқ бўлаётганига чидаб бўлмаслиги қайд этилиб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида мутасаддиларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлашга топшириқ берилган эди.

Жорий йил январь ойи давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 511 та ҳолатда 6,7 млн. кВт электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Оқибатда тизимга 5,6 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланган.

Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида давлат раҳбари ҳузурида 6 февраль куни энергия таъминоти соҳасидаги назоратнинг вертикал тизимини жорий этиш, жумладан, электр энергияси ва табиий газни етказиб бериш ва тармоқларга уланишда ҳуқуқбузарликларга қарши курашни кучайтириш ва тартиб-интизомни таъминлаш юзасидан назорат тизимини тартибга солишга бағишланган чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Ушбу видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонаси, 2-сектор раҳбари, Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси ва бошқа масъул ташкилот  раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.

Таҳлилларга кўра, январь ойида Самарқанд шаҳар аҳолисидан Президент виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар сони 1939 тани (2022 йилда 1590 та) ташкил этмоқда. Келиб тушган мурожаатларнинг 317 таси электр энергияси (2022 йилда 111 та), 243 таси газ таъминоти (2022 йилда 61 та) билан боғлиқ. Ушбу рақамлар таъминот соҳасида муаммолар кўплигини кўрсатиб турибди.

Ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги Қўшбаққоли маҳалласидаги хонадонлар ва ижтимоий объектлардаги қарздорлик ҳамда электр энергиясига ноқонуний уланиш ҳолатлари ўрганилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, маҳалланинг Уста Умар Жўрақулов кўчасидаги новвойхонанинг 3 млн. 800 минг сўм, Зеҳний кўчаси 35-уйда яшовчи фуқаронинг 18 млн. сўм, Чўпон кўчаси 54-уйда яшовчи фуқаронинг 1 млн. 500 минг сўм, Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласи Минск 1-тор кўчадаги мебель ишлаб чиқариш цехининг 10 млн. сўм қарздорлиги борлиги аниқланиб, тармоқдан узилди.

Қўшбаққоли маҳалласи Уста Умар Журақулов кўчасида яшовчи фуқаро 5 млн. сўм, Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласида яшовчи фуқаро 15 млн. сўм қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган бўлишига қарамасдан ўзбошимчалик билан тармоққа ноқонуний уланиб олганлиги аниқланди.

Электр энергиясидан кўп миқдорда қарздорлик ҳамда тармоқдан ноқонуний фойдаланиш республика бюджетига ва энергия ресурсларини етказиб бериш тизимига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда аҳоли орасида норозилик кайфияти уйғонишига ва мурожаатлар сони кескин ортишига сабаб бўлади.

Шу билан биргаликда Халқ қабулхонаси ва Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонаси билан ҳамкорликда хонадонларга ўрнатилган ҳисоблагичларнинг соз ҳолатда ишлаётганлиги, қарздорлик ҳамда тармоққа ноқонуний уланганлик ҳолатларини аниқлаш мақсадида хатлов ўтказилмоқда.

Х.Турдиев,

Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.