Муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда
“Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича жорий йилнинг 30 апрель куни юртимизда умумхалқ референдуми ўтказилади.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 35-1-моддасига кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссиянинг қарорига кўра, 19 апрелдан буён юртдошларимиз ушбу ҳуқуқидан фойдаланмоқда.
26 апрель куни якунланадиган мазкур жараён давомида фуқаролар дам олиш ва байрам кунлари ҳам соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар рўйхатга олинган референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз бериши мумкин.
Самарқанд вилояти телерадиокомпанияси мухбири Эркин Ҳасанов 30 апрелда референдум жараёнларини ёритиш учун ишда бўлади. Шунинг учун у бугун ўзи яшаб турган Самарқанд тумани Пулимуғоб маҳалласидаги 857-референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз берди.
– Бир ойдан буён янгиланаётган конституциямиз тарғиботи жараёнларида иштирок этиб, бу ҳақда кўрсатув ва лавҳалар тайёрлаб келяпмиз, – дейди Э.Ҳасанов. – Юртдошларимиз конституциямизга киритилаётган ўзгаришларга, референдумга бефарқ эмас. Жумладан, мен ҳам бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлайман ва албатта, референдумда иштирок этаман. Овоз бериш эрталаб соат 8.00 дан кеч 20.00 гача давом этса-да, бу вақт давомида ишни якунлаб, участкага кела олмаслигим мумкин. Шунинг учун муддатидан олдин овоз беришга қарор қилдим ва участкага келиб, комиссияга мурожаат қилдим.